Собиқ профилактика инспектори Қува туман ИИБ раҳбарияти устидан ИИВга шикоят қилди

Собиқ профилактика инспектори Қува туман ИИБ раҳбарияти устидан ИИВга шикоят қилди

Ижтимоий тармоқларда Қува тумани «Байналминал» МФЙда профилактика инспектори бўлиб ишлаган Нозимжон Нишонов туман ИИБ бошлиғи ўринбосарининг устидан ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Муҳтор Мирзаевга шикоят қилиб, видеомурожаат йўллади — дея ёзмоқда "Gazeta.uz" нашри.

Бунга ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов муносабат билдириб, мурожаатдаги «важлар ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини» маълум қилди.

Собиқ ходим Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Аҳмаджонов профилактика инспекторларига нисбатан қонунга зид хатти-ҳаракатлар қилаётгани, жумладан ўз манфаати йўлида уларга тазйиқлар ўтказаётганини қайд этган.

Маълум қилинишича, майор 100 бош қорамолга мўлжалланган молхона қураётгани сабабли инспекторлардан зарур қурилиш материалларини етказиб беришни талаб қилган. «Буни [молхона қурилаётганининг] жабрини профилактика инспекторлари тортаяпти. Шағал олиб берган, устасига қараган, хизматини қилган…», — деди собиқ инспектор.

Шу билан бирга, ИИБ бошлиғи ўринбосари шахсий манфаатлари учун инспекторлардан ҳар куни 55 минг сўмлик «ўрта фонд» ундириб келаётгани ҳам айтилмоқда.

Бундан ташқари, у ҳар куни профилактика инспекторларига биттадан машинани жарима майдонига жойлаштириш, бештадан машина учун жарима далолатномаси тузишни мажбурий режа қилиб бергани қайд этилган. Бу режани бажара олмаган профилактика инспекторлари эса ярим кечасигача ушлаб турилиб, алоҳида «развод»га келтирилган.

Таъкидланишича, майор Аҳмаджоновнинг бу ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига, ходимларни доимий ҳақорат қилишларига на Қува туман ИИБ бошлиғи, на Қува туман ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари подполковник Фарҳод Исмоилов бирор чора кўришмаган.

«Раҳбарлар ўзаро келишган ҳолда ходимларга нисбатан тадбирлар уюштиришади. Пул бериб (ишга киритиб қўйиш — таҳр.) киргизиш масалалари бўйича… ваҳоланки у тадбирлар қонунга зид равишда бўлаяпти. Яъни, ўша тадбирда ДХХ, Бош прокуратура ёки Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментидан қатнашмайди ёки кимёланган пул деган нарсалар йўқ», — деди собиқ инспектор.

Тадбирдан 1 кун ўтиб эса Ўз хавфсизлик хизмати келиб, ҳолат тасдиқланганини маълум қилиши қўшимча қилинган. «Профилактика инспекторлари эзилиб кетаяпти, эзилиб. Дардини кимга айтишни билмайди…», — деди Нозимжон Нишонов.

Бундан ташқари, Аҳмаджонов Қува тумани ҳокими ўринбосарини калтаклаб, шунда ҳам жазосиз қолгани айтилмоқда.

«Ҳар гапида айтадики, „мана мени интернетга чиқариб, нима қилди? Ҳеч нима қила олмади! Ҳоким ўринбосари қаерга ёзса ҳам нима келди қўлидан?“… Шунга ўхшаш гаплар айтган. Шахсий таркибни руҳи синиб кетди», — дейди мурожаатчи.

Шахсий таркиб ходимлари бир неча маротаба майор Аҳмаджоновнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан туман ИИБ рахбариятига, вилоят ИИБ рахбариятига аноним тарзда қилинган мурожатлар жавобсиз қолдирилгани ҳам қайд этилган.

Нозимжон Нишонов мурожаат якунида сўзларининг исботи сифатида тегишли аудиоёзувлар борлигини маълум қилган.