Солиқ қўмитаси раҳбари Олмалиқда ходимлар бозордаги сотувчи аёлларнинг буюмларини куч ишлатиб олиб қўйганига муносабат билдирди

Солиқ қўмитаси раҳбари Олмалиқда ходимлар бозордаги сотувчи аёлларнинг буюмларини куч ишлатиб олиб қўйганига муносабат билдирди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида солиқ ходимлари бозордаги сотувчи аёлларнинг буюмларини куч ишлатиб олиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Солиқ қўмитаси раҳбари мазкур хабарларга муносабат билдирди.

Қўмита раиси бу уятли ҳодиса эканини айтиб, шахсан ўзи воқеа содир бўлган ҳудудга боришини билдирган.

«Бу биз учун жуда уятли. Шахсан ваъда бераман, Олмалиққа бораман. Лекин унгача хизмат вақтида ноўрин хизмат вазифасини бажарган ходимларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилади. Кўрилган чоралар тўғрисида сизга қўшимча маълумот берамиз. Бу воқеа юз бергани учун халқдан узр сўрайман», — дейди Шерзод Қудбиев.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев мазкур ҳолатга муносабат билдирган:

«Олмалиқ шаҳрида солиқ инспекцияси ходимларининг аёллар билан қилган хатти-ҳаракатлари давлат идораси ходимларининг иш услуби ва хизмат меъёрларига зид. Солиқ идорасига фуқароларнинг мол-мулкини ўзбошимча, куч ишлатиш йўли билан тортиб олиш, зўравонлик қилиш ваколати берилмаган. Нима бўлганда ҳам, ҳар бир ҳолатга суд тартибида баҳо берилгач, мол-мулкка қаратилиши, фуқаро мажбурий келтирилиши мумкин. Лекин буниям солиқчи қилмайди», — дейди депутат.

Бундан ташқари, у прокуратурадан вазиятга холис баҳо берилишини назорат қилишларини сўраган:

«Бунга йўл қўйиш солиқчилар томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши, деб баҳоланиши шарт. Солиқ идораси вакиллари қонунга итоаткорликда намуна бўлиш ўрнига ўз ҳаракатлари билан фуқароларга қонунсизлик, зўравонлик намунасини кўрсатган. Биз бундай ҳаракатларни кескин қоралаймиз ва прокуратурадан вазиятга холис баҳо берилишини назорат қилишларини сўраймиз», — дейди Расул Кушербаев.