Совет Иттифоқи АҚШ авиаташувчи кемаларини ядро ракеталари билан йўқ қилмоқчи бўлган

Совет Иттифоқи АҚШ авиаташувчи кемаларини ядро ракеталари билан йўқ қилмоқчи бўлган

Пекин 2 000 милгача бўлган масофадаги Америка авиаташувчи кемаларини баллистик ракеталар билан йўқ қилиш режасини ўйлаб турибди. Аммо бундай фикр ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ Совет Иттифоқидаги ҳарбий қўмондонларнинг калласига келгани ва охир-оқибат фойдасиз режа бўлгани учун рад этилганини ҳамма ҳам билмайди.

The National Interest журнали 1962 йилда чоп этилган ва МРБ (Марказий Разведка Бошқармаси) махфийлигини очган совет журналидаги мақоладан парча эълон қилди. Мақолага “Американинг йирик авиаташувчи бўлинмаларига тўсатдан ҳужум қилиш бўйича разведка кўрсатмалари” деб сарлавҳа қўйилган, муаллиф – СССР ҲДФ (Ҳарбий-денгиз флоти) биринчи ранг капитани В. Ануфриев.

Ўшанда Москвада америкаликлар ўз авиаташувчиларидан СССРга зарба беришда фойдаланади, деб ўйлашган. Ануфриев АҚШ ўз кемаларини оммавий равишдан портлардан очиқ денгизга чиқарганини эҳтимолий ҳужумнинг аломати деб баҳолаган.

Унинг фикрича, авиаташувчилар баллистик ракеталар учун ноқулай нишон, чунки улар доимо ҳаракатда бўлади. Бундан ташқари авиаташувчи кемалар бошқа оддий кемалар орасида манёв қилиб юргани учун ракеталар нишонни топишга қийналади. Разведкачи самолётлар ва сувости кемалари авиаташувчиларнинг тахминий жойинигина аниқлай олади. Кўп ҳолларда аниқланган объект ёрдамчи ёки десант ташувчи йирик кема бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Бугунги кунда разведка анча аниқ маълумот берадигандек кўринади, аммо, барибир, ҳатто йирик авиаташувчи ҳам уммонда бир томчига айланиб қолади.

Авиаташувчини сунъий йўлдош орқали топиш ҳам мушкул иш – унинг координаталарини жўнатиш анчагина вақт олади. Бу орада авиаташувчи кутиб турмайди ва янада узоқроққа кетиб қолади. Шунинг учун фақат ўнлаб ракеталарни ишга туширибгина бу турдаги кемага зарба бериш мумкин. Бироқ бу шунга арзийдими? Ундан кўра, ўта узоқ масофага отиладиган замонавий “Кинжала” ракеталари ёки кемаларга қарши П-700 "Гранит" ва П-1000 "Вулкан"ни қўллаш осонроқ усул.

Ҳозирда баллистик ракеталарни уриб туширишга мўлжалланган Aegis тизими туфайли авиаташувчи кемаларнинг ҳимояси янада мустаҳкамроқ бўлган. Айни вақтда ракеталар ҳам ўтган асрнинг 60-йилларидан кўра анча “ақлли”. Шунга қарамай, бир неча минг километр узоқликдаги кемани мўлжалга олиш ҳамон энг қийин масала бўлиб турибди.

2