Сўх тумани ҳокими: аҳолимизнинг 31 фоизи хорижий мамлакатларда мигрант бўлиб ишлайди

Сўх тумани ҳокими: аҳолимизнинг 31 фоизи хорижий мамлакатларда мигрант бўлиб ишлайди

Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими вазифасида иш бошлаганига бир ҳафтадан ошди. Унга бу ернинг аҳолиси яхши таниш. Чунки мазкур туманда бир йилдан буён ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. ЎзА мухбирлари туманнинг янги ҳокими билан суҳбатда бўлди.

— Чашма булоғида рўй берган мажародан сўнг барча вазирликлар туманимиздаги ҳар бир маҳаллада пиёда юриб, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ўрганди. Аҳолининг дардини эшитди. Оғриқли нуқталарни аниқлаб, уларнинг таклифлари асосида дастур ишлаб чиқилди.

Бу ерда аҳоли боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Аҳолининг 31 фоизи хорижий мамлакатларда мигрант бўлиб ишлайди. Коронавирус пандемияси туфайли туманда 14 мингга яқин аҳоли ишсиз қолган. Бугун биринчи навбатда, уларни иш билан таъминлаш, даромад топишига кўмаклашиш бўйича иш олиб борилмоқда. 500 нафардан ортиқ сўхликлар “Tashkent city” қурилиш объектларида иш билан таъминланмоқда. Уларнинг барча харажатларини давлатимиз ўз зиммасига оляпти. Туманимизда бошланган бунёдкорлик ишларида эса электр соҳасида 200, қурилишда 300 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Туман аҳолисини узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш доимий эътибордаги масала. Вилоят марказидан олиб келинадиган асосий маҳсулотлар қўшни давлатнинг 80 километр чегарасини босиб ўтади.

Тумандаги катта бир муаммолардан бири – ичимлик суви ва ерларни суғориш билан боғлиқ. Бу масала ҳам ижобий ечимини топиб, 90 фоиз аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Электр энергия таъминотини яхшилаш ишлари бошлаб юборилди.