«Спутник V» вакцинаси яратувчилари уни AstraZeneca вакцинаси билан бирлаштиришни таклиф қилди

«Спутник V» вакцинаси яратувчилари уни AstraZeneca вакцинаси билан бирлаштиришни таклиф қилди

Россиянинг «Спутник V» вакцинаси яратувчилари швед-инглиз AstraZeneca компаниясига препаратларни бирлаштиришни таклиф қилди. Meduza’нинг хабар беришича, бу ҳақда «Спутник V»нинг Twitter’даги саҳифасида маълум қилинган.

«Айни пайтда AstraZeneca вакцинаси 62 фоиз самарадорлик кўрсатмоқда. Агар улар янги клиник тадқиқотлар ўтказса, биз самарадорликни ошириш мақсадида AstraZeneca’ни ‘Спутник V’ билан бирлаштириб қўллашни таклиф этамиз. Вакциналар комбинацияси ревакцинация пайтида муҳим бўлиши мумкин», — дейилади 26 ноябрь куни эълон қилинган хабарда.

Аввалроқ худди шу кунда AstraZeneca ижрочи директори Паскаль Сориот Bloomberg’га берган интервьюсида компания ўзининг коронавирусга қарши вакцинаси самарадорлигига аниқлик киритиш мақсадида яна битта тадқиқот ўтказиши мумкинлигини маълум қилган.

Британиянинг AstraZeneca фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19 коронавирусга қарши вакцина Буюк Британия ва Бразилияда ўтказилган оралиқ синовларда ўртача 70 фоиз самарадорликни кўрсатди. Дастлабки синов натижалари 90 фоиз самарадорликни кўрсатганди.

АҚШнинг Pfizer компанияси Германиянинг BioNTech компанияси билан биргаликда ишлаб чиқарган COVID-19’га қарши вакцинанинг самарадорлиги 95 фоизни ташкил этган. Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси самарадорлиги эса 95 фоиздан ошгани маълум қилинган.