«Спутник V» вакцинасининг иккинчи дозаси Ўзбекистонда қолмагани айтилмоқда

«Спутник V» вакцинасининг иккинчи дозаси Ўзбекистонда қолмагани айтилмоқда

«Спутник V» коронавирусига қарши эмлашнинг иккинчи компоненти Ўзбекистонда вақтинча бўлмайди. Расмийлар вакцина яқин орада мамлакатга келишини маълум қилди, деб хабар бермоқда  «Podrobno.uz».

Қайд этилишича, нашр таҳририятига нима учун мамлакатда Россиянинг «Спутник V» вакцинаси етишмаётганига ойдинлик киритишни сўраган ўқувчиларнинг саволлари кела бошлаган. Одамлар вакцинанинг иккинчи дозасини олиши кераклиги ва бунга жуда кам вақт қолганидан хавотирда. Агар бу жараён кўпга чўзилса бутун жараённи қайтадан бошлаш керак бўлади. Белгиланган вақт ичида инъекция қилинмаган одамларни қандай салбий оқибатлар кутаётгани ҳам аниқ эмас.

Бу саволлар билан Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсуновага мурожаат қилинган.

«Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бугун ‘Спутник V’ вакцинасининг иккинчи компоненти йўқ, лекин тез орада олиб келинади ва биринчи дозани олган ҳар бир киши иккинчисини олади», – деди Дилором Турсунова.

Турсунова Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва «Спутник V» ишлаб чиқарувчиси вакциналар орасидаги минимал оралиқ 21 кун, максимал эса 3 ойни тавсия қилганини эслатиб ўтди.

«Бугунги кунга келиб, Россия томони вакциналарни қабул қилиш орасидаги максимал муддатни 180 кунгача, яъни олти ойгача оширди. Мен юртдошларимизга айтмоқчиманки, ҳеч ким хавотирланмасин, биз учун ҳамма нарса ўз кучида қолади, яъни интервал 12 ҳафтагача давом этмайди. Биз вакцинани кутамиз, у келиши билан уни дарҳол барча даволаш-профилактика муассасаларига тарқатамиз», – дейди у.