ССВ нафас қисиши билан боғлиқ шикоятлар сони ортганини маълум қилди

ССВ нафас қисиши билан боғлиқ шикоятлар сони ортганини маълум қилди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда кучли шамоллар туфайли мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисалари кузатилгани муносабати билан аҳолига чангли ҳавода ниқоб тақиш, аллергик ва астма касаллиги бор беморларга ташқарига чиқмасликни тавсия қилди.

«Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур, — деди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак».

Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, хўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш тавсия қилинди.

Қайд этилишича, очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.

«Шунингдек, агар юртдошларимизда ташқи мухитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, кичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилишлари лозим», — дейилади мурожаатда.

«3 ноябрь куни „Тез ёрдам“ хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433 тани ташкил этганди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ. — Кеча эса бу кўрсаткич 4082 тага етди. Шундан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир. Ушбу беморларга бригадамиз томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинди».

Вазирликнинг қайд этишича, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Қолаверса, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган.

Шунингдек, бундай об-ҳаво шароитида зарурат сезганда, «103» хизматига мурожаат қилиб, туну кун сифатли тиббий ёрдам олиш мумкинлиги, ССВнинг «1003» қисқа рақамли Саll-маркази фаолият кўрсатаётгани эслатиб ўтилди.