ССВ: Ўзбекистонда 4 120 турдан зиёд фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда

ССВ: Ўзбекистонда 4 120 турдан зиёд фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда

Сир эмас, яқин-яқингача юртимизда аҳоли учун зарур бўлган бирламчи дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чет элдан келтирилар, ички фармацевтика бозоридаги маҳсулотларнинг оз қисмигина маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилар эди.

Эътиборлиси, кейинги йилларда мамлакатимизда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларининг фармацевтик маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини  маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган 45 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур йўналишда олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида бугунги кунда Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, бу орқали МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига кирди.

Қолаверса, сўнгги 5 йилда маҳаллий фармацевтика бозорида қатор ижобий натижаларга эришилди. Чунончи, 2017 йилда юртимизда 1,4 триллион сўмга яқин фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда бу рақам 2,4 триллион сўмга етди. Маҳсулотлар ҳажми ўртача 2 баробар ўсиб, дори воситалари ва тиббий буюмлар 1,2 миллиард шартли бирликдан ортиқни ташкил этди.

Шунингдек, 2017 йилда юртимизда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 149 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда улар сони 220 тага етди.  Ушбу корхоналар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар сони эса 4 123 тага етказилди. Жумладан, “Асосий дори воситалар рўйхати”га киритилган 461 та дори воситасининг 44 фоизи бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.