​ССВ: Сил касаллигидан соғайиш муддати 2 йилдан 9 ойга қисқарди

​ССВ: Сил касаллигидан соғайиш муддати 2 йилдан 9 ойга қисқарди

Дунёда йилига 8,6 миллион киши туберкулёз (сил) хасталигига чалиниб, унинг асоратлари туфайли 1 миллиондан ортиқ бемор вафот этмоқда. Албатта, бу — хавфли касаллик. Шунга қарамай, замонавий тиббиёт ютуқлари асосида уни самарали даволаса бўлади. Ўзбекистоннинг бу борадаги илғор тажрибаси кейинги йилларда дунё миқёсида эътироф этиляпти. 

— Авваллари туберкулёзни аниқлаш учун 3-4 ойлаб вақт талаб этиларди, — дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Наргиза ПАРПИЕВА. — Ҳозирги кунда эса бу касалликка генно-молекуляр усули орқали бор-йўғи 70 дақиқа ичида аниқ ташхис қўйилмоқда. 

Илғор операция усуллари жорий этилиши, самарали дори-дармонлар қўлланилиши натижасида беморларнинг касалликдан соғайиш муддати ҳам 2 йилдан 9 ойга қисқарди. Ҳозир олимларимиз "Чегара билмас шифокорлар" халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда даволаниш курсини олти ойга қисқартириш устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Энг муҳими, бунинг дастлабки натижаси ва самарадорлиги бундан бир ой аввал Лондонда бўлиб ўтган Жаҳон туберкулез ва ўпка касалликлари Конгрессида эътироф этилди.

Шунингдек, ўтган йил якунларига кўра, мамлакатимизда ушбу хасталикка чалиниш ҳолатлари 2015 йилга нисбатан 31,4 фоизга камайиб, ҳар 100 000 аҳолига нисбатан 32,1 тани ташкил этган. Ваҳоланки, Россияда бу кўрсаткич 54, Руминияда 68 ҳамда Украинада 80 тага тенг.  

Ўлим ҳолатлари эса 2015 йилга қиёслаганда 61,3 фоизга камайиб, 100 000 аҳолига нисбатан 1,2 тага тушди. Ўз навбатида, даволаш самарадорлиги 91,2 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами янада яққолроқ кўзга ташланади. 

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида бундай ютуқлар кўп. Шу боис ўтган қисқа даврда силга қарши олиб борилган тадбирлар натижалари бўйича Ўзбекистон фтизиатрия хизмати Европа ҳудудидаги 53 мамлакат орасида 2-ўринни эгаллади. 

Ҳозир марказда Германиянинг халқаро сертификатига эга, сил микобактериясини бактериологик, молекуляр-генетик усулда, тезкор ва аниқ ташхислайдиган Референс-микробиологик лабораторияси мавжуд.

Қолаверса, жорий йилда муассасага халқаро ташкилотлар кўмагида келтирилган 30 та GeneXpert инновацион технологияси ҳудудлардаги лабораторияларга ўрнатилмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда бундай замонавий ускуналар сони 98 тани ташкил этяпти. Бундан ташқари, марказ 10 дан ортиқ турли сунъий нафас олиш ҳамда фибробронхоскоп ускуналари билан таъминланди. 

Эслатиб ўтамиз, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида йилига 4 минг нафардан ортиқ беморни даволаш имконияти яратилган. Бундан ташқари, муассасанинг 50 қатновга эга маслаҳат поликлиникаси ҳамда ҳудудларда ҳам фтизиатрия ва пульмонология марказлари фаолият кўрсатмоқда.