ССВ: “Тез ёрдам” хизматида фаолият юритаётган шифокорлар сони қарийб 14 минг нафарга етди

ССВ: “Тез ёрдам” хизматида фаолият юритаётган шифокорлар сони қарийб 14 минг нафарга етди

Ҳар қандай соҳа ривожида етук ва малакали кадрлар муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ бўлган тиббиёт йўналишида бу ҳал қилувчи мезондир.

Шу сабабли бугун юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасининг энг муҳим йўналиши бўлган “Тез ёрдам” хизматини малакали кадрлар билан таъминлаш ва улар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бунинг натижасида 2021 йилнинг айни шу даврига келиб, “103” хизматида фаолият олиб бораётган шифокорлар сони 13 минг 798 нафарга етди. Соҳани малакали врач кадрлар билан таъминланганлик даражаси эса 90,7 фоизни ташкил қилмоқда.

Жумладан, бу кўрсаткич Наманган ва Бухоро вилоятларида 100 фоиз, Самарқанд вилоятида 99 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон вилоятида эса 95 фоизга тенг.

Тизимда фаолият юритаётган шифокорларнинг 2316 нафари юқори малака тоифасига эга бўлса, 1186 нафари биринчи, 1088 нафари эса иккинчи тоифали мутахассислардир.
 
Шунингдек, охирги йилларда яна бир муҳим жиҳат – “Тез ёрдам” хизматини реаниматолог-шифокорлар билан таъминлаш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилиб, тизимда меҳнат қилаётган ушбу мутахассислар сони 686 нафарга етди. Бу борада энг яхши кўрсаткич Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳиссасига тўғри келиб, мазкур ҳудудларда “103” хизмати тўлиқ ушбу мутахассислар билан таъминланган.

Қолаверса,  бугунги кунда соҳада меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари 29 минг 227 нафар, таъминланганлик даражаси эса қарийб 99 фоизни ташкил қилмоқда.

Айтиш лозимки, уларнинг 5411 нафари юқори малака тоифасига, 5603 нафари 10-20 йил, 3893 нафари 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ўрта тиббиёт ходимларидир.