ССВ: Юртимизда илк бор тизза артрозларини кичик болдир суяги резекцияси йўли билан даволаш йўлга қўйилди

ССВ: Юртимизда илк бор тизза артрозларини кичик болдир суяги резекцияси йўли билан даволаш йўлга қўйилди

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида турли жароҳат ва туғма нуқсонлар, таянч-ҳаракат аъзолари шакли ва функциялари бузилиши билан боғлиқ хасталиклар даволанади. 

ССВ Матбуот хизмати марказ директори Мурод Ирисметов билан 2021 йилда муассаса фаолиятидаги муҳим ўзгаришлар, амалга оширилган мураккаб операциялар, аҳоли орасида энг кўп учрайдиган ортопедик касалликлар хусусида.

—  Йирик бўғимларни эндопротезлаш, артроскопик операциялар, умуртқа эндоскопик хирургияси, болаларда кўкрак қафаси деформациялари, сколиоз, суяк ва бўғимларнинг туғма аномалияларини оператив даволаш сингари йўналишларда марказда янги стандартлар асосида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда, — дейди М. Ирисметов. — Мамлакатимизда илк маротаба перкутан трансфораминал эндоскопик дискэктомия амалиёти ва тизза артрозларини кичик болдир суяги резекцияси йўли билан даволаш муассасамизда йўлга қўйилди.

Қолаверса, малакали мутахассисларимизнинг ҳудудларга мунтазам чиқишлари ташкил этилмоқда. Бу жараёнда 2 минг 788 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилиб, 141 та маҳорат дарси ўтказилди. Жойларда амалга оширилган 240 дан зиёд операцияларнинг 141 тасини юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ташкил қилди.

Бундан ташқари, 2021 йил тиббиёт марказида бажарилган 7 минг 150 та операциядан 3 минг 968 таси ҳам ана шундай мураккаб амалиётлар ҳисобланади. Таққослаш учун айтсак, 2020 йил давомида ўтказилган 5 минг 42 та операциядан 2 минг 837 таси юқори технологик амалиётлардан иборат эди.

Маълумотларга кўра, катталар ортопедик касалликлари орасида йирик бўғимлар артрозлари, умуртқа поғонаси остеохондрози ва унинг оқибатлари биринчи ўринда туради. Ушбу касалликларнинг келиб чиқишига семизлик, камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш каби қатор омиллар сабаб бўлади.

Болалар ортопедик касалликлари орасида сон суягининг туғма чиқиши, туғма бўйин қийшиқлиги ва туғма маймоқлик кўп учрайди. Оёқ панжаларининг статик ва тиззалар деформациялари орттирилган патологиялар орасида энг юқори ўринларни эгаллайди. 

Ана шу касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашда марказимизда яратилган шарт-шароитлар, бу ерда амалиётга татбиқ этилаётган илғор муолажа усуллари қўл келмоқда.