Сурия-Туркия можароси: Бир ўқ билан учта қуён

Сурия-Туркия можароси: Бир ўқ билан учта қуён

9 октябрь, чоршанба куни "Тинчлик булоғи" операцияси бошланганидан бери, Туркия армияси ва уни қўллаб-қувватлаётган араб қўшинлари Суриянинг Туркия билан бутун чегараси бўйлаб тахминан 480 км йўлни босиб ўтишди. Жанглар ҳозирги пайтда Тел-Абяд ва Рас ал-Айн шаҳарларида, барча асосий аҳоли пунктларини ердан ва ҳаводан бомбалаш билан бир қаторда, 100 мингга яқин қочқинларнинг жанубга кўчирилишига олиб келди.

Флэшбек

Суриянинг шимолий қисмида аҳолининг мувозанатини тиклаш бўйича ҳаракатлар узоқ тарихга эга. Сурия мустақилликка эришгач, Дамашқдаги араб миллатчи ҳукуматлари Сурия шимолидаги курдлар харакатини пасайтиришга ҳаракат қилишди. 1962 йилда суриялик курд аҳолисининг тахминан 20 фоизи фуқаролигидан маҳрум қилинди, бу уларга ер сотиб олиш ёки давлат секторида ишлашга халақит берди. 1970-йилларда “Баас” партияси режими ҳатто курдларни қўшни давлатлардаги курд жамоаларидан ажратиб қўйиш учун "араб камарини" яратишга ҳаракат қилди.

Суриянинг шимолида, кўп сонли этник ва диний озчиликларни ташкил этувчи бу ҳаракатлар ғоявий уруш билан бирга олиб борилди. Жойларнинг номлари араблаштирилди, курд тили қатағон қилинди ва курдларнинг маданий намойишлари тақиқланди.

Умуман олганда, Сурия ҳукумати ҳар доим Курд жамоасини чет эллик босқинчилар, асосан Туркиядаги қатағондан қочган қочқинлар деб таърифлаган. 1980-90-йилларда Асад режими томонидан қўллаб-қувватланган Курдистон Ишчи Партияси (КИП) бу “афсона”ни қабул қилишга тайёр эди. Аммо Суриядаги фуқаролар уруши бошланганидан кейин Суриянинг шимолида курдлар бошчилигидаги радикал маъмуриятнинг пайдо бўлиши Суриянинг араблаштириш кампаниясининг ёлғонлиги ва заифлигини намойиш этди.

Шундай қилиб энди Эрдоған Суриянинг кетма-кет ҳукуматлари муваффақиятсизликка учраган ишларга аралашишни режалаштирмоқда ва бу хужумнинг асосий сабабларидан бири ҳам Сурия шимолидаги курдларни тизгинини ушлаб туришга қаратилган.

Эрдоған уруш карт бланшини қандай олди?

Президент Трамп гўёки ИШИД мағлуб қилинганидан сўнг, АҚШ махсус қўшинларини Суриядан олиб чиқиб кетишини ва 200 йилдан ортиқ давом этган турк-курд можаросига аралашмаслигини эълон қилгач, бу нарса туркларнинг Сурия ҳудудида кенг операциялар бошлашига туртки бўлди.

Туркиянинг мақсади икки миллиондан ошиқ суриялик араб қочқинлари жойлашган Туркия-Сурия чегараси бўйлаб “тинчлик ҳудуди”ни яратиш, Туркиянинг жанубидаги КИП базалари билан мухтор анклавлар ўртасидаги алоқани узиш, Сурия можаросининг якуний музокараларида ҳал қилувчи ролни қайтариб олиш эди. Бунинг учун Россия ва Эроннинг розилигига аввал эълон қилган ҳудудий мақсадлардан оғмаслик ва Ассад режимининг хавфсизлигига таҳдид солмаслик шартлари билан эга бўлди.

Ёлғиз қолган бўри энди нима қилади?

Суриянинг шимоли ва шарқида ИШИДга қарши курашнинг асосий оғирлигини ўзига олган курдлар ўзининг иттифоқчиси бўлган АҚШ томонидан ташлаб қўйилди. Суриядаги курд мухтор анклавлари АҚШнинг ҳаво кучлари ва қуроллари туфайли ушбу ерларнинг ҳудудий базасини кенгайтиришга муваффақ бўлган эди. Суриядаги фуқаролар уруши кучларининг геосиёсий мувозанати шароитида, энди курдларнинг Ассад режимини ҳимоя қилишдан бошқа чораси йўқ. Бу ерда минг йиллар давомида геосиёсий ўйинларнинг асосий постулатларидан бири бўлмиш “Душманимнинг душмани мени дўстим” теорияси ишлай бошлайди

Шундай қилиб, биз аллақачон узоқ вақтдан бери давом этаётган Сурия урушининг ташқи кучларнинг бевосита иштирокидаги янги босқичидамиз. Курдларни ёлғиз Туркия чангалига топшириб кетиш, ҳатто АҚШ Республикачилар партиясида ҳам норозиликларга сабаб бўлди, Норвегия ва Финляндия каби давлатлар Туркияга қурол сотишни тўхтатди. Ўзининг одатий иккиюзламачилиги билан танилган Исроил бош вазири Нетаняҳу Эрдоғанни "этник тозалашда" айблади. Бу ерда унинг гаплари техник томондан тўғри бўлсада, аслида йўлбарс шерни қонхўрликда айблаганидай ҳолат юзага келмоқда.

Ҳақиқат шундаки, кутилганидек, курдлар ушбу ҳал қилувчи соатда ёлғиз қоладилар ва халқаро сўл кучларнинг ва айниқса туркларнинг сўл сиёсатчиларининг ҳамжиҳатлигига ишонишлари мумкин. Туркияни Суриянинг шимолига бостириб кириши нафақат Рожавадаги етти йиллик демократия экспериментига, балки курдларнинг ўзини ўзи бошқаришга интилишларига абадий барҳам беришга интилмоқда.

АҚШ нега ташлаб кетди?

ИШИД пайдо бўлиши ва унинг Сурия ва Ироқдаги улкан ҳудудларни кескин назорат қилишидан сўнг, Сурия курдлари АҚШ томонидан ИШИДга қарши курашиш учун тузилган асосий коалиция гуруҳларидан бири эди. Вашингтон нуқтаи назаридан муҳимроқ жиҳати шундаки, ушбу шартнома АҚШнинг иттифоқчиси бўлган Туркия билан муносабатларни издан чиқаради, чунки Эрдоған Сурия курдларига нисбатан тобора адоват кўрсатмоқда. Хулоса қилиб айтганда, АҚШнинг Сурия курдлари билан иттифоқи Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсатида барқарор бўлмаган кескинликни яратди.

Америка Қўшма Штатлари Анқара ва Рожава (Суриядаги ғарбий Курдистон) орасидан бирини танлаши муқаррар эди. ИШИД билан уруш давом этган пайтлар, бу қарорни кечиктириш мумкин эди. Аммо ИШИДнинг самарали мағлубияти билан Американинг Суриядаги миссияси якунланди. АҚШ эса доимгидай фойдаланиб бўлинган предметни ташлаб юбориш принципларига содиқ қолган ҳолда курдлардан воз кечди.

Танқидларга жавобан эса Президент Трамп: "Курдлар бизга Иккинчи жаҳон уруши, Корея ва Вьетнам урушларида ёрдам бермаган” деб бутун дунёни лол қолдирувчи кулгили жавоб берди. Трампнинг Анқарани танлагани, Туркиянинг Рожавага бостириб кириши, аҳолини кўчириши ва Суриянинг шимолий демографиясини ўзгартиришга йўл очди.

Ўз иттифоқчисига хиёнат қилганликдаги айбловлар АҚШнинг бошига ҳар томондан ёғдирилмоқда. Президент Трамп тасодифан унга "мерос бўлиб" ўтган барча энг мунозарали ва қийин муаммоларни тинч музокаралар орқали ҳал қилишга уринмоқда. Шимолий Корея, Эрон, Афғонистон ва ҳатто Исроил ва Фаластин бўйича ҳам.

Курдларга келсак, АҚШ ҳар доим уларга нисбатан ўта бепарво муносабатда бўлган. Бу демократларга ҳам, республикачиларга ҳам тегишли. 70-йилларнинг ўрталарида Саддамга қарши курашда дастлаб курдларни қўллаб-қувватлаган Президент Жералд Форд кейинчалик уларни ўз тақдирига топширди. Кейин Катта Буш, кўрфаз урушидаги шиалар ва курдларнинг Саддамга қарши урушини "ўзларининг ички иши" деб атади.

Трамп эса бизнесмен сифатида ҳеч қандай фойда келтирмайдиган харажатларни минималлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Қўшма Штатлар Ироқ ва Афғонистондаги "Вьетнам комплекси"ни енгиб ўтишга ҳаракат қилди, аммо Сурияга тушишни истамади. Вақт уларнинг ҳисоб-китобларининг балки тўғрилигини кўрсатар.

Бир ўқ билан учта қуён

Сентябр ойи охирида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида: "Бизнинг мақсадимиз Сурияда 30 км кенглик ва 480 км узунликдаги тинчлик йўлагини яратишдир, бу ерда икки миллион суриялик истиқомат қилиши мумкин." деб нутқ сўзлаган эди. Қўшма Штатларнинг Суриянинг шимолидан қўшинларини олиб чиқиши ҳақидаги баёнотидан сўнг, Эрдоған таклиф этган "тинчлик йўлаги" айнан мана шу хужум оқибатида хақиқатга айланиши мумкин.

Туркия узоқ вақтдан бери Ассад режимининг ғалабасида иштирок этгани учун ўз улушини олишга ҳаракат қилмоқда. Урушнинг бошида мухолифат тарафида бўлган ва миллионлаб суриялик қочқинларни қабул қилган ҳолда, Туркия энг кўп зарар кўрган томонга айланди. Вақт ўтиши билан "ғолиблар" томонига ўтган Туркия, Ассад режимидан, Россия ва Эрондан фарқли ўлароқ, иштаҳасига мос келадиган дивидендларни ололмади. Бундан олдин Туркия Сурияда иккита ҳарбий операция ўтказган эди: “Фрот қалқони” (2016 йил август - 2017 йил март) ва “Зайтун новдаси” (2018 йил январ - март). Амалиётлар натижасида чегарадош Аазаз ва Гераблус шаҳарлари ўртасида "хавфсизлик зонаси" ташкил қилинди, Африн шаҳри ҳам босиб олинди.

Аммо бу туркларнинг иштаҳасини қониқтирмади.

Эрдоғаннинг “эзгу мақсади”га қарамай, Туркиянинг Сурия шимолини эгаллаш мақсади ҳам унинг сиёсий режалари билан боғлиқ. "Тинчлик йўлаги" эса Туркияда борган сари ҳал қилиб бўлмас сиёсий муаммо сифатида кўрилаётган, суриялик қочқинлардан халос бўлиш учун жой бўлиши режалаштирилган. Бу йўл билан эса Эрдоган бир ўқ билан нақд учта қуённи отиб олишга ҳаракат қилмоқда:

Биринчиси, қочқинлар масаласини ҳал этиш бўйича Европа Иттифоқидан олинган пулларни оқлаш. Иккинчиси, электорат олдида турк жамиятининг асосий муаммоси бўлган қочқинларни Туркиядан йўқотиш ва учинчиси, бу албатта Анқара нафақат Суриянинг шимолидаги курдлар бошқарувини тугатиш, балки унинг демократик орзуларини барбод қилиш имкониятини қўлга киритиш деб ҳисоблайман.

Суриядаги фуқаролар уруши бошланганидан бери уч-тўрт миллион суриялик Туркиядан бошпана сўради. 2016 йилда Эрдоған Европа Иттифоқи билан мамлакатда қочқинларни жойлаштириш бўйича кўп миллионлик шартномани имзолади. Жанглардан қочаётган одамлар оқими давом этар экан, Туркиядаги қочқинларга қарши кайфият кучайди ва турк расмийлари ҳозирда сурияликларни мамлакатдан чиқариб юбориш йўлларини изламоқда

Россия қаерда?

Парадоксал равишда, Россия бу можарода яна энг катта ютуқни олган ўйинчи бўлиши мумкин. Россия оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, курдлар низони ҳал қилишда воситачилик қилиш учун Россияга мурожаат қилишган.

Россиянинг етакчи сиёсатшуносларидан бири Федор Лукянов тўғридан-тўғри интервюсида шундай деди: "Курдлар уларнинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлашнинг ягона йўли Сурия ҳукумати билан келишиш эканлигини тушуниши керак. Масалан, курдлар Дамашқнинг юрисдикциясини тан олишади (Москва эса Дамашқнинг орқасида турибди). "Дамашқ эса курд минтақалари хавфсизлигини, биринчи навбатда турк истилоси туфайли таъминлашга интилади."

Сурия ҳукуматига келсак, унинг имкониятлари жуда чекланган. Назарий жиҳатдан, Ассад, шубҳасиз, юзага келган тартибсизликда Суриянинг мавжуд ҳудудий бўлинишини қайта кўриб чиқишга уриниши мумкин, аммо бу фақат бошқа жабҳанинг очилишини англатади.

Аслида, барча асосий ўйинчилар ўртасида Туркия операцияси бўйича музокаралар бўлган. Операция арафасида Сергей Шойгу АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер билан суҳбатлашгани ҳам буни тасдиқлайди.

Хулоса

Суриянинг шимоли-шарқида 2016 йилдан бери амалда курдларни бирлаштирган шимолий Суриянинг Демократик Федерацияси мавжуд. Бу ҳудудда бир қатор араб қабилалари ҳам яшайди. Сурия Курдистонининг пойтахти - Ал-Қамишли шаҳри. Жанговар тайёр қисмларнинг тахминий сони 25 минг курд жангчиси ва 5 мингга яқин араб жангарилари.

New York Times газетаси хабарига кўра, курд қўмондони Мазлум Кобани: "Биз яна жанг қиламиз. Биз етти йилдан бери курашиб келяпмиз ва шу каби курашда давом этишга тайёрмиз", деб айтган. Аммо шуни таъкидлаш керакки, иттифоқчилари бўлмаган суриялик курдлар , ИШИД билан кураш даврида Ироқдаги ўз қабиладошларидан ёрдам қабул қилишга тайёр эмас эдилар ва улар ҳанузгача бирлаша олмагандек туюлади. Бу, хусусан, уларнинг ижтимоий тузилишидаги фарқлар билан боғлиқ. Сурия Курдистонида, ижтимоий тенглик, тўғридан-тўғри демократия ва аёллар қадр-қимматга эга бўлган минтақа бўлса, Ироқдаги курдлар патриархал қабила тамойилига кўра бирлашган.

Курдлар - дунёдаги энг катта бўлинган халқлардан бири, унинг фожиаси ҳеч бўлмаганда Фаластин халқиникидан кам эмас аслида, улар геосиёсий ўйинларнинг абадий қурбони бўлиб келишмоқда.

Бу уруш орқали турклар ўзига хос "Вьетнам"га эга бўлишлари мумкин, чунки курдлар йиллар давомида партизанлар урушида дунёдаги энг яхши мутахассислардан бирига айланиб улгурган. Агар турклар бу можарода ўз олдига қўйган масадга тўлиқ эриша олсалар, бу Эрдоғаннинг Усмонли Империясини тиклаш борасидаги сиёсати учун ҳақиқий муваффақият бўлади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.