«Сурхон» футболчиси клуб раҳбарияти уни калтаклаганини айтди. Клуб футболчи жамоа раҳбарини ҳақорат қилганини маълум қилди

«Сурхон» футболчиси клуб раҳбарияти уни калтаклаганини айтди. Клуб футболчи жамоа раҳбарини ҳақорат қилганини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда «Сурхон» клуби футболчиси Жавоҳир Эсонқулов 3 киши томонидан дўппослангани ҳақида айтиб берган видеолавҳа тарқалди. Унда футболчи клуб директорининг ўғли, жамоа сардори Асрор Ғофуров ва клубнинг спорт директори Абдумажид Тоиров томонидан дўппосланганини таъкидлаган.

«Сурхон» клуби матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, «Сурхон» клуби ва жамоанинг собиқ футболчиси Жавоҳир Эсонқулов ўртасида тузилган меҳнат шартномаси 21 июль куни ҳар иккала томоннинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинган. Футболчи клубдан ҳеч қандай молиявий эътирози йўқлиги ҳақидаги расмий хужжатга қўл қўйиб, тасдиқлаб берган. Шундан сўнг, футболчи ЎзПФЛ рўйхатидан чиқарилган.

Қайд этилишича, собиқ футболчи шартнома бекор қилинган бўлсада, клуб офисига доимий ташриф буюриб, яна қўшимча пуллар талаб қила бошлаган. Қўшимча қилинишича, собиқ футболчилар Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Хўжаевлар ўзаро тил бириктириб, клуб офиси эшиги ёнида клуб раҳбари номига нисбатан қўпол сўзлар ишлатиб ёзув қолдиришган ва унинг шахсини камситган.

«Клубдаги бу вазиятлардан хабар топган жамоа сардори Асрор Ғофуров вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳар иккала футболчини клуб офисига олиб келган ва ушбу сўзларни нега ёзганлиги бўйича изоҳ сўраган. Дастлаб, футболчилар ушбу сўзларни улар ёзмаганликларини айтишган, лекин уларнинг ҳар бир ҳаракати клуб офисида ўрнатилган кузатув камераларида ёзиб олинган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, жамоа сардори Асрор Ғофуров футболчиларга «шу жамоада ўйнаб, шу жамоани нонини еб, тузлигига тупурмаслик кераклигини тушунтирган». Ўртада зиддият пайдо бўлган ва иккала футболчи бир-бирлари билан муштлашиб кетишган.

Клубнинг таъкидлашича, клуб спорт директори А.Таиров ва клуб 1-вице президенти А.Абдурахмонов ҳар иккала футболчини ажратишган ва уларни яраштириб қўйишган.

Жамоа матбуот хизмати «Жавоҳир Эсонқулов томонидан клуб раҳбари шахсини камситган ёзув», дея ёзув ўчирилган фотони эълон қилди. Суратнинг асл кўриниши тегишли органларга тақдим этилиши айтилди.

Фото: «Сурхон» клуби матбуот хизмати

Кейинроқ футболчиларнинг ёзма равишда ўз айбини тан олгани акс этган сурат тақдим этилди.

Фото: «Сурхон» клуби матбуот хизмати

Мазкур воқеалардан сўнг Жавоҳир Эсонқуловнинг рафиқаси Рушана Мирсодиқова видеомурожаат билан чиқди. У футболчиларга нисбатан қилинган хатти-ҳаракатлар ва воқеа хусусида батафсил тўхталди.

«Мен якунда адолат қарор топиши учун қўллаб-қувватлашингизни сўрайман. Улар президент аппаратида ўз одамлари борлигини ва ҳеч ким ҳеч нима қила олмаслигини иддао қилишмоқда. Кеча „Сурхон“ клуби вице-президенти Азамат Абдураҳмонов турмуш ўртоғим (Жавоҳир Эсонқулов)ни алдов йўли билан, гўё эски қарзларни тўлаш мақсадида олдига чақирди. Аввал Акром Хўжаевни, кейин эса хўжайинимни „дубинкалар“ билан калтаклай бошлашган. Жамоа сардори Асрор Ғофуров уларни ушлаб турган», — дейди у.

«Хўжайиним 31 август куни „Азамат …“ деб ёзган. Шундан сўнг бу одамлар футболчилар (Акром Хўжаев ва Жавоҳир Эсонқулов)ни алоҳида, битта-битта хоналарига чақиришган. Улар олдиндан бунга тайёргарлик кўришган. Видеотасвирлар ўчириб юборилган. Воқеа жойида спирт, отвёртка, арқон бўлган. Кейин футболчилар қўрқитилган ва босим остида ариза ёзиб беришган», — дея қўшимча қилади Рушана Мирсодиқова.

Унинг таъкидлашича, Асрор Ғофуров Эсонқуловга қўнғироқ қилиб, «Жавоҳир, дўстона ҳал қилайлик, мени ҳам оилам, бола-чақам бор» деб айтган. «У кеча ураётганда шуни ўйламаганмиди? Жавоҳир ва Акромни ҳам оиласи бор. У ўзини „эркак“ деб ҳисоблайдими? Шунчаки ҳайратдаман», — дейди Жавоҳир Эсонқуловнинг рафиқаси.