Сурхондарёда Damas ва «КамАЗ» тўқнашувида икки киши ҳалок бўлди

Сурхондарёда Damas ва «КамАЗ» тўқнашувида икки киши ҳалок бўлди

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида Damas ва «КамАЗ» иштирокида ЙТҲ юз берди. Оқибатда икки киши ҳалок бўлди, яна икки киши оғир тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 24 майга ўтар кечаси, М41 Бишкек—Душанбе—Термиз халқаро автомобиль йўлининг Шўрчи тумани «Гулистон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1501-километрида юз берган. Денов—Шўрчи йўналишида ҳаракатланиб келаётган «КамАЗ» юк машинаси йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетган ва ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Damas билан тўқнашган.

Оқибатда Damas ҳайдовчиси ва унинг ёнида бўлган йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, Damas’да йўловчи сифатида кетаётган 27 ёшли йигит ва 2-синф ўқувчиси бўлган 8 ёшли қиз оғир тан жароҳатлари билан Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

ЙТҲ оқибатида «КамАЗ» йўл четидаги зовурга ағдарилиб кетган.

Суриштирувларда «КамАЗ» ҳайдовчиси етарли малакага эга бўлмагани, ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига энди бир йил бўлгани, юк машиналарини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани бир йил аввал олгани аниқланган.