Сурхондарёда муқаддам 7 маротаба судланган эркак ИИБ ходимларидан норози бўлиб лезвия билан танасига жароҳат етказди

Сурхондарёда муқаддам 7 маротаба судланган эркак ИИБ ходимларидан норози бўлиб лезвия билан танасига жароҳат етказди

Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарё вилоятида янги ‘вор в закон’ пайдо бўлди» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалди. Вилояти ИИБ матбуот хизмати ушбу видеолавҳа юзасидан Музработ тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Аниқланишича, видеодаги воқеа 26 апрель куни соат 16:30 лар атрофида юз берган. 1981 йилда Музработ туманида туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан беш маротаба, 277-моддаси (безорилик) билан 1 маротаба, Россия Жиноят кодексининг 162-моддаси (босқинчилик) билан бир маротаба судланган, вақтинча ишсиз фуқаро М.А. туман ИИБ биносига маст ҳолда келиб сабабсиз бақир-чақир қилган.

Туман ИИБ ходимлари уни тинчлантиришга уринишига қарамасдан, муқаддам судланганлиги сабабли зарурат туғилган вақтда туман ИИБга профилактик суҳбатга чақиртирилаётганлигидан норози эканлигини билдириб, ёнида бўлган бир маротабалик соқол олиш учун мўлжалланган олмос (лезвия) бўлаги билан ўзининг тана қисмини бир неча жойидан тилиб ўзига тан жароҳати етказган.

Шу сабабли туман ИИБ ТБ НҚ катта инспектори унинг ёнига бориб қўлидаги олмосини топширишини сўраб, олмосни олмоқчи бўлганида М.А. олмосни бўйин қисмига олиб келиб «яқинлашсаларинг томиримни кесаман!», деб бақир-чақирни давом эттирган. Шундан сўнг у билан тушунтириш ишлари давом эттирилиши натижасида қўлидаги олмосини отиб юборган ва тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, унга тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан шу вақтнинг ўзида Музработ туман прокуратурасига хабар қилинган. Мазкур ҳолат ушбу куни туман ИИБ ТБ НҚ катта инспектори томонидан расмийлаштирилган. Фуқаро М.А. ҳушёр ҳолга келгач ундан ҳолат юзасидан тушунтириш хати олинганида қилган ишидан пушаймонлигини, пиво ичиб маст ҳолатда бўлганлиги сабабли ўзининг хатти-ҳаракатларини бошқара олмаганлигини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори томонидан 5 май куни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этилган.