Сурхондарёда Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган шахслар қўлга олинди

Сурхондарёда Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган шахслар қўлга олинди

ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва ИИБ билан ҳамкорликда вилоятнинг Термиз шаҳри ва Термиз туманида яшовчи, халқаро террорчилик гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаб келган шахслар фаолиятига чек қўйди.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, ушбу шахсларнинг аксарияти Термиз шаҳридаги бозорлардан бирида савдо фаолияти билан шуғулланиб келган. Улар Telegram’да виртуал гуруҳ ташкил қилган ҳолда унда террорчилик ташкилотлари ғояларини тарғиб қилган. Ўзларининг Туркия, Сурия ва Мисрдаги ғоядошларини молиявий томондан қўллаб-қувватлаш мақсадида, пластик карта расмийлаштирган ҳамда унда йиғилган пул маблағларини кўрсатилган ҳудудларга юбориш билан шуғулланган.

Қўлга олинганлар орасида келгусида Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган фуқаролар ҳам мавжуд.

Гуруҳ аъзоларининг хонадонларида ўтказилган тинтув жараёнида экстремистик ва террорчилик мазмунидаги ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Хабарда айтилишича, ҳозирда қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.