Сурхондарёдаги мактабда ўзаро жанжаллашган ўқитувчиларга жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарёдаги мактабда ўзаро жанжаллашган ўқитувчиларга жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган вилоятдаги мактаблардан бирининг ўқитувчилари ўзаро жанжаллашаётгани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 23 август куни соат 10:00 ларда вилоятнинг Қумқўрғон тумани 59-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишловчи Р.Азизбек, Н.Нурилла, Н.Насиба, М.Бахтиёр ўзларига олдиндан таниш бўлган шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчи Д.Хаитмурод ўртасида келишмовчилик юзага келган. Бунинг оқибатида улар бир-бири билан жанжаллашиб, уриб-дўппослаб, баданга енгил шикаст етказишда ифодаланган безорилик жиноятини қасддан содир этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 24 августда Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Р.Азизбек, Н.Насиба, Н.Нурилла, М.Бахтиёр ва Д.Хаитмуродга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Шу куннинг ўзида гумон қилинувчи Р.Азизбек, Н.Нурилла, М.Бахтиёр ва Д.Хаитмурод Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирги кунда Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.