Сув танқислиги туфайли ГЭСларда ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 25 фоизга камайган

Сув танқислиги туфайли ГЭСларда ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 25 фоизга камайган

Жорий йилда сув танқислиги туфайли мамлакатимиз гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 23 фоизга камайди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати. Бу эса истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

ГЭСларда сув ҳажмининг камлиги сабабли электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари камайиши кузатилмоқда ва бунинг натижасида айрим ҳудудларда электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда. Бу гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қисқариши билан боғлиқ бўлиб, бу эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун зарур миқдорда электр энергияси етишмаслигига олиб келди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2019 йилда гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқариш 6,5 млрд кВт/соатни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган йилги кўрсаткич каби 5 млрд кВт/соатни ёки 1,5 млрд кВт/соатга кам (23 фоиз)ни ташкил этмоқда.

Мазкур 1,2 млрд кВт/соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин.

Вазирлик жорий йилда сув омборларида белгиланган сув захиралари тўпланмагани нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам кузатилаётганини қайд этиб ўтди.

«Шунга қарамасдан, мамлакатимизда мавжуд барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолининг ўсиши 110 млрд кВт/соатга етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги икки йилда Ўзбекистон аҳоли ва саноатнинг, айниқса, қишда юкланишнинг энг юқори чўққисига тўғри келадиган эҳтиёжларини қондириш учун Марказий Осиёнинг қўшни давлатларидан электр энергияси импортини қайта йўлга қўйди.