Сув хўжалиги вазирлиги: Ҳозирда Амударёда сув тошқини эҳтимоли умуман мавжуд эмас

Сув хўжалиги вазирлиги: Ҳозирда Амударёда сув тошқини эҳтимоли умуман мавжуд эмас

Ҳозирги кунда Амударёда сув тошқини юз беришининг умуман эҳтимоли мавжуд эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Хусусан, Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган нуқтасидаги Термиз сув ўлчаш постида ҳозирда ўртача 1300 м3/сек. сув оқиб ўтмоқда. Бу кўрсаткич ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан 3–4 бараварга камдир. Шунингдек, Амударёнинг Бухоро вилоятига сув олиш ҳудудида жойлашган Атамират сув ўлчаш постида ҳам бугунги кунда ўртача 805 м3/сек. сув оқиб ўтаётган бўлиб, кўп йиллик меъёрга нисбатан 4 бараварга камдир.

Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Вахш дарёсида жойлашган Тожикистоннинг Нурек сув омбори умумий ҳажми 10,5 млрд. м3 бўлиб, бугунги кунда мазкур сув омборида сув ҳажми бор-йўғи 6,2 млрд. м3 ни ташкил этади ёки сув омборда сув захираси деярли қолмаган (сув омборининг ўлик сув ҳажми 6,0 млрд. м3).

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Амударёдаги сув ресурсларига боғлиқ вазиятни Тожикистон Республикаси Сув ва энергетика вазири Усмонзода Усмонали билан телефон орқали муҳокама қилиб, унда У.Усмонзода Амударёда ҳеч қандай тошқин бўлиши мумкин эсмаслиги ва бунга бирор-бир омил йўқлигини таъкидлаган.

Шундан кўриниб турибдики, Амударёда сув кўпайиши кузатилаётгани йўқ ва бунга ҳеч қандай сабаб ҳам мавжуд эмас.

Амударёда сув кўпайиши кузатилмаётганлиги ва сув тошқини юз бермаётганлиги тўғрисида кеча Аму-Бухоро ирригация тизими ҳавза бошқармаси бошлиғи Эркин Файзуллаев ҳам оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида таъкидлаб ўтган.

Бундан ташқари, Каспий денгизидан сув тошқини бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига, шу жумладан Олот ва Қоракўл туманларигача етиб келиши борасида тарқалган миш-мишлар мутлақо асоссиздир. Чунки, халқаро сатҳлар шкаласига (Болтиқ тизимига) нисбатан Каспий денгизининг сув сатҳи 27 метр пастда, Олот ва Қоракўл туманларининг ер сатҳи эса ўртача 190 метр юқорида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, Каспий денгизининг сув сатҳи Олот ва Қоракўл туманлари ер сатҳидан ўртача 217 метр пастда ҳамда 950 км узоқликда жойлашган.