Тадбиркордан пул талаб қилишни янги усулини топган товламачилар қўлга тушди

Тадбиркордан пул талаб қилишни янги усулини топган товламачилар қўлга тушди

2022 йил 14 февраль куни Пахтачи туман Тадбиркор маҳалласида фаолият юритиб келаётган 49 ёшли Т.С. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2020 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келиши, Тадбиркорлар маҳалласида яшовчи 67 ёшли А.К. ва 63 ёшли Қ.Б.,лар унга тегишли бўлган савдо дўконларини юритишига тўсқинлик қилиб, турли хил уйдирмалар билан юқори турувчи органларга шикоят қилиб келаётганлиги, улардан юқори турувчи органларга нима сабабдан шикоят қилишликлари ҳақида сўраганида Қ.Б. 1 млн 500 минг сўм, А.К. эса 15 млн сўм пулларни берган тақдирда юқори турувчи органларга унинг тадбиркорлик фаолияти юзасидан ариза билан мурожаат қилмасликларини, уни тинч қўйишликларини, пулларни бермаган тақдирида унинг тадбиркорлик фаолияти юзасидан юқори турувчи органларга мурожаат қилишдан тўхтамасликларини айтиб, товламачилик йўли билан, ундан пул талаб қилиб келаётганликларини, шу сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Мазкур аризага асосан, шу куни соат 17:00 ларда Пахтачи туман ИИБ ЖҚБ ҳамда Самарқанд вилоят Нарпай туман ДХХ бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида А.К. ариза муаллифидан 15 млн сўмга ҳисоблаб 1500 АҚШ доллари, Қ.Б. эса 100 АҚШ доллари пулларини олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Пахтачи туман Тергов бўлинмаси томонидан А.К ва Қ.Б.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда улар иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.