Талабага тегажоғлик қилишда гумонланаётган «замдекан» қизнинг ўзи унга шилқимлик қилганини айтди

Талабага тегажоғлик қилишда гумонланаётган «замдекан» қизнинг ўзи унга шилқимлик қилганини айтди

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари ўз хонасида талаба қизга тегажоғлик қилгани ҳақида хабар берилганди. Талаба қизнинг UzReportТV телеканалига маълум қилишича, декан ўринбосари бу ишда қизни айблаган.

«Терговда у (декан ўринбосари)нинг айтишича, менинг қизим унинг хонасига кириб, калит билан хонани қулфлаб олган эмиш. Қизимни йигити келиб қолгани сабаб қаерга беркинишини билмай, деразадан ўзини ташлаб юборган эмиш.

Қизим ҳали ҳаётга тўймаган қувноқ қиз. Қизим ижодкор қиз, у ҳали бунақа нарсалар ҳақида ўйламайди. Чунки оиламиз ўқимишли оила: ҳаммамиз ўқитувчимиз. Шунинг учун қизим унинг хонасига ишониб кирган», – дейди талаба қизнинг онаси.

Маълумот учун, 18 октябрь куни 20 ёшли М.К. Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Ю.нинг хонасига кирган. 37 ёшли декан ўринбосари Б.Ю. қиздан кутиб туришини сўраган. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари чарчаганини айтиб, ундан қаҳва дамлаб беришни сўраган. Қиз қаҳва дамламоқчи бўлганида эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчирган. М.К. ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўраган, хонадан чиқай деса, эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлган.

Қиз қаршилик кўрсатган, эшикнинг у тарафида эса қизнинг дўсти келиб, эшикни очишни сўраган. М.К. амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақира бошлаган. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлаган. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, ойнадан пастга тушиб кетган. Декан ўринбосари эса деразани ёпиб, жалюзини туширган ва эшикни очган. Қизнинг дўсти декан ўринбосарини олиб, пастга тушган. Атрофда йиғилганларга Б.Ю. қиз ойнадан ўзи сакрагани ва уни ўзи шифохонага олиб боришини айтган.

Шифокорлар қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйган. Қизнинг яқинларининг айтишича, декан ўринбосари томонидан келган одамлар уларга ўз кўрсатмаларини ўзгартиришлари учун пул таклиф қилган. Б.Ю. эса ҳаммага қиз ўз жонига қасд қилган демоқда. У ўқиган факультет талабаларини тўлиқ онлайн таълимга ўтказилган.

ИИВ матбуот котибининг маълум қилишича, 19 октябрь куни декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 118-моддалари (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 23 октябрь куни экспертиза жавоби чиқиши билан декан ўринбосари процессуал тартибда ушланган.

ССВнинг маълум қилишича, беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда.

Воқеа юзасидан Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов муносабат билдириб ўтди. Саида Мирзиёева бундай ҳолатларни доимо жамоатчиликка маълум қилиб турилиши учун Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳа зарурлигини билдириб ўтди. Комил Алламжонов бу фикрга қўшилишини маълум қилди.