Талабаларга қишки таътил муддати узайтирилди

Талабаларга қишки таътил муддати узайтирилди

Талабаларга қишки таътил муддати 13 кунга узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, 24 январга қадар молиявий мустақилликка эришган ҳамда кредит-модул тизимига ўтган барча ОТМлар раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари учун семинар-тренинглар олиб борилади. 

“Олий таълим тизими тарихида илк маротаба – ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида жорий йил 10-24 январ кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилади.

Шу билан бирга, олий таълим муассасалари кредит-модул тизимига тўлиқ ўтганлиги сабабли кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун асосий ишдан ажралган ҳолда ўқувлар барча олий таълим муассасаларида ташкил этилади.

Бу жараёнга олий таълим муассасалари ҳузуридаги барча профессионал таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар раҳбарлари ҳам жалб этилади”, - дейилади расмий хабарда. 

Шунингдек, талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.