Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Таълимнинг асосий тўсиғи – тарбия(ми?)
12.03.2020 11:33,  
1180

Бутун дунёда таълим энг катта нажоткор эканлиги бирдек тан олинган ҳолда таълимни юксалтиришга катта эътибор қаратиляпти. Шунга яраша, Ўзбекистонда ҳам таълим долзарб мавзуга айланиб бормоқда. Аммо инсонларда таълимдан қониқув ҳиссини ҳам, таълимнинг кўзланган натижаларга эришаётганини ҳам гувоҳи бўлмаяпмиз.

Барча баландпарвоз гаплардан холи равишда таълимнинг ҳозирги аҳволига эътибор қаратадиган бўлсак, кўплаб муаммоларга дуч келамиз. Гап эса муаммода эмас, уни келтириб чиқарган сабабларда.

Нега бизда таълим қониқарли эмас?

Етарлича жиҳозлар билан таъминланмаганлик, кадрлар сифати ва сонидаги етишмовчилик, дарс ўтиш услубиятининг эскириб қолиб, замон талабларига жавоб бера олмай қолганлиги ва бошқа камчиликлар барчамизнинг кўз ўнгимизда кўриниб турибди. Аммо яна бир эътибор қаратилмайдиган жиҳат ҳам борки, ҳозир мен асосий мавзуни шунга бағишламоқчиман. Бу - таълимнинг ривожланишига унинг ичидан туриб қаршилик қилаётган, унинг аҳамиятини иккинчи ўринга тушириб қўяётган қўштирноқ ичидаги «тарбия»дир.

Мактаб давриданоқ ўқувчига таълим ва тарбия бирга олиб бориши кераклиги ва кўп ҳолларда тарбия таълимдан устунлиги уқтириб борилади. Олийгоҳга ўқишга кирган талаба ҳам бу «тизим»дан ташқарига чиқиб кетолмайди.

Шундай экан, аввало ўйлаб кўрайлик, тарбия ўзи нима? Бизда тарбия приоритетлари тўғри белгиланганми?

Тарбиялаш жараёни бу менталитетга хос қадриятларни сингдириш жараёнидир, деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу ўринда менталитетнинг ўзига хос камчиликлари ҳам тарбия сифатида ўргатиб келишига гувоҳ бўламиз. Оғриқли нуқта шундаки, ўз қадриятларидаги камчиликларни танқид қилишга рухсат бермайдиган менталитет инсонлари ҳеч қачон қадриятнинг камчиликлари тўғрисида ўйлаб ҳам кўролмайди.

Фикринг ҳақ бўлганида ўқитувчига қарши чиқиш, муаллимнинг фикрига зид бўлган мустақил фикрингга эга бўлиш, таҳлилий ва танқидий фикрлаш каби хусусиятларга эга бўлган иқтидорли ўқувчини сохта тарбия ва қадриятлар ниқоби остида «ўзингдан каттага гап қайтарма», «аввало ҳурматни сақлашни бил», «ўзингни юқорида тутма» каби сўзлар билан тўхтатиб қолиш ўқувчидаги таълимга бўлган интилишни ўлдириб қўяди.

Ўқувчига билимдан кўра ўзини қандай тутишни билиш кўпроқ аҳамиятли бўлган хислат каби туюла бошлайди. Ўқув муассасаларидаги бундай шароитга кўниккан ўқувчилар ишни энг аввало фанларни ўзлаштиришдан эмас, балки муассасанинг «сиёсат»ини ўрганишдан бошлайди. Ўқувчи учун энг муҳими фанни ўрганиш эмас, балки ўқитувчида қандай қадрият ва тамойиллар устунлик қилишини ўрганиб чиқиш бўлиб қолади. Ўқитувчи ундан истаган асосий нарса билимдан кўра ўзни тутишнинг маълум нормалари бўлса ва баҳо олишда ҳам мана шу нормаларга амал қилиш ҳолати асосий ролни ўйнаса, ўқувчи истар-истамас билим олишни асосий ўринда кўрмай қўяди. Қарабсизки, таълим ўз-ўзидан иккинчи ўринга тушиб қолади.

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Сохта қадриятлар кенг миқёсда тарқалган жамиятимизда, жиноят илдизлари бўлмиш ҳаракат ҳам қадриятдек кўрилиши мумкин бўлган вазиятлар учраб туради.

Юқорида айтганимиз, муассаса «сиёсат»ини ўрганиб олган ўқувчи учун тилёғламалик, таниш-билишчилик ёки коррупция ўқув жараёнидаги адо этилиши энг керакли бўлган ҳаракатлар сифатида кўрилиши мумкин. Ўқувчиларни муассаса сиёсатига амал қилмасликда, тарбиясизликда айблаш ва уларни қўрқитиш, фақатгина баҳо ёки диплом учун ўқийдиган ўқувчини шакллантиради. Диплом восита эмас, мақсадга айланган нуқтада воситалар фақатгина таълим олишни эмас, балки кўплаб мулойим ёки қинғир йўлларни ҳам ўз ичига олади.

Таълим ва тарбия бир-биридан алоҳида тарзда эмас, балки биргаликда олиб борилиши қанчалик тўғри?

Тарбия масаласига доир алоҳида фанлар бўлгани ҳолида, бошқа кўплаб фан ўқитувчилари ҳам нафақат таълим, балки тарбия бериш билан ҳам шуғулланиши учраб турадиган ҳодиса. Математика ўқитувчиси бутун бошли дарсни болага шўхлик қилмаслик тўғрисидаги ваъз билан ўтказса, қандай ўқувчи етишиб чиқиши мумкин? Тарбияли аммо билимсиз кадрми? Таълим ва тарбия алоҳида тушунчалар сифатида қаралмас экан, икковининг бир-бирига таъсири салбий кўринишда бўлиб қолаверади.

Биз бу ерда тарбияга эмас, балки тарбия ниқоби остида таълимнинг аҳамиятини тушириб, муаллим ва ўқитувчи орасида нотенг муҳитни таъминлайдиган, ҳур фикрли, яратувчан кадрлар яратиш ўрнига бўйсунувчан характердаги кадрларни тайёрлашга ундайдиган сохта тарбияга нисбатан ўз фикрларимизни келтириб ўтдик.

Ўқувчи билимига баҳо беришда унинг тарбиясини, тарбиясига баҳо беришда эса унинг билимини ҳисобга олиш ўқувчининг кўнглини ё тарбия ё таълимдан қолишига олиб келади. Таълим ва тарбия бир-бирини инкор этмайдиган, бир-бирига таъсир этмайдиган икки мезон бўлсагина, биз кутган келажак авлод келиши мумкин. Акс ҳолда, жаддалашиб бораётган дунёда инсонни юксалишига йўл қўймайдиган тизим орқали олдинга эмас, балки орқага қараб ҳаракатланаётган бўламиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан