Танзания президентининг дафн маросимида унинг жасадини кўрмоқчи бўлган 45 киши ҳалок бўлди

Танзания президентининг дафн маросимида унинг жасадини кўрмоқчи бўлган 45 киши ҳалок бўлди

Танзания президенти Жон Магуфули билан видолашиш маросимида юзага келган оломон тиқилинчи оқибатида 45 киши ҳалок бўлди, 37 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Танзания полицияси маълумотига таяниб, Meduza'га асосланиб Дарё хабар берди.

Аввалроқ Магуфулининг дафн маросимида беш киши оёқ остида қолиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Уларнинг барчаси бир оиланинг аъзолари экани маълум бўлган. Тиқилинч 21 март куни Дар-эс-Саламдаги стадионда марҳум президентнинг тобути жамоат билан видолашиш учун намойиш этилган пайт юз берган.

«Одамлар марҳум раҳбарга бўлган муҳаббатини изҳор этиш учун келган эди, аммо улар ниҳоятда кўп эди, баъзилари эса сабрсизлик қилиб, стадионга айланма йўллар билан киришга ҳаракат қилган», — деди полиция ҳодиса сабабига изоҳ берар экан.

Жон Магуфули 61 ёшида вафот этди. Аввалроқ Танзания мухолифати раҳбари Тунду Лиссу президентнинг коронавирус билан касаллангани ва қўшни давлат Кенияда касалхонага ётқизилгани ҳақида айтганди. Аммо президент ўлимининг расмий сабаби сифатида юрак билан боғлиқ муаммолари келтирилди.

Унинг ўлимидан сўнг Танзания собиқ вице-президенти Самия Сулуҳу Ҳасан мамлакат президенти сифатида қасамёд қилди. Шу тариқа Танзания тарихида илк бор аёл киши президентлик лавозимини эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Магуфули мамлакатда чекловлар жорий қилишдан бош тортган ва тиббий ниқоб тақмаганларни олқишлаган. Инфекция тарқалишига қарши курашишнинг илмий усуллари ўрнига, президент танзанияликлардан COVID-19 устидан ғалаба учун ибодат қилишни сўраган ва «коронавирус — иблис» деб таъкидлаган.

Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи бирдамлик жамғармаси Танзанияга коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодий оқибатларига қарши курашиш учун маблағ ажратган. Ушбу маблағлар шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олишга, вакциналар, дори-дармонларни ишлаб чиқаришга, аҳолини эмлаш ва коронавирус тарқалишига қарши қаратилган бошқа тадбирларга сарфланиши керак эди.

Бироқ эпидемия билан курашиш учун пул олганидан сўнг Танзания ҳукумати мамлакатни коронавирусдан холи деб эълон қилган.