Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тарқоқ бўлиб юрган миллат халққа айланяпти. Аммо...
3.05.2020 02:02,  
5071

Бухорода уйларнинг томини учириб кетган шамол табиий офат, Сирдарёдаги Сардоба сув омборининг девори ўпирилиб, суви ташқарига отилиб, тошиб чиқиши эса техноген фалокат (авария).

Табиий офатлардан ҳеч ким кафолатланмаган. Масалан, шамол келтириб чиқарадиган торнадо ва довулларга (цунами) АҚШ каби қудратли давлатлар ҳам қарши тура олмайди: табиий офат ўтганидан кейин айбдор қидирилмайди, вайроналар давлат захиралари ҳисобидан тикланади.

Аммо ҳеч қандай зилзила, ўрмон ёнғини ёки бошқа бир, инсонни ожиз қолдирадиган табиат ҳодисаси юз бермаса ҳам сув омборининг девори қулаб тушса, бунинг учун уни қурганлар ҳам, назорат қилганлар ҳам суд олдида жавоб беради. Бунда уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, кимгадир яқинлиги/қариндошлиги ҳисобга олинмайди. Натижада кейинги сув омбори ёки шу каби йирик иншоот қурилишини ўз зиммасига олган ташкилот ва шахслар нимага масъуллигини яхши ҳис қилади, ишни сифатли бажаради.

Бизда ҳолат қандай?

2015 йил 8 август куни Урганчдаги "Ёшлар кўли"да кўприк панжараси синиб кетиб, ўндан зиёд одам сувга чўкиб ўлди. Уни текшириш учун комиссия тузилди, аммо ҳодиса учун жавобгар шахс маълум қилинмади.

2019 йил 18 декабр куни Тошкент метросининг янги қурилаётган "Юнусобод" бекати яқинида тупроқ ўпирилиб, қурилишда ишлаётган 6 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса оқибатларини ўрганиш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилди. Бироқ ҳалигача бу комиссия хулосалари эълон қилинмади: фалокат нега рўй берди, бунга ким айбдор, кимлар жавобгарликка тортилади, деган саволларга ҳануз жавоб йўқ.

2020 йил 1 май куни тонгда Сирдарёдаги Сардоба сув омборидан баъзи расмий нашрлар таъбири билан айтганда "сув сизиб чиқди" – аслида эса етмиш мингдан ортиқ инсонни ўз уйидан кўчиришга сабаб бўлган лойқа сув юзлаб гектар ерни босди. Бу воқеа бўйича "Ким ёки қайси ташкилот айбдор?" – деган савол ҳали берилмади. Аммо сув омборини назорат қилишга масъул бўлган "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти аллақачон ўзини оқлашни бошлаб юборганмиш: "Сардоба биз ташкил топишимиздан аввал қуриб битирилган"

Фикримча, мана шу сув омборидаги техноген фалокат сабабларини тўлиқ ўрганиш, натижаларни оммага очиқ эълон қилиш ва унинг айбдорларини жазолаш Ўзбекистоннинг қурилиш соҳасида туб бурилиш бўлади. Агар шундай қилинса, албатта. Акс ҳолда, айни кунларда мамлакатда қурилаётган 7-8 та янги сув омборлари тақдири ҳам хавотирли бўлиб қолади.

"Ҳозир айбдорларни қидириш эмас, жипслашиш муҳим" деган чақириқларни кўрдим. Тўғри, бу муҳим – коронавирус карантини бошланганидан бери одамлар бир-бирига анча қайғурадиган бўлиб қолганди, кеча ва бугун эса Сирдарёга тўхтовсиз ёрдам кетаётганини кўриб, бунга ўз кўзим билан гувоҳ бўлиб, "Шу пайтгача бўлиниб, тарқоқ бўлиб юрган миллат халққа айланяпти", деб ўйладим. Аммо фалокат айбдорларини топиш давлатнинг вазифаси ва бунинг халқнинг жипслашувига акс таъсири йўқ.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан