"Tashkent City”га кириш текин бўлиши шарт" — ХДП

Rost24.uz ахборот сайтида “Шаҳар ичидаги “давлат”: Ўзбекистон Конституциясининг бир неча моддаларини бузаётган Tashkent City” номли видеолавҳада бирдирилган фикрлар, келтирилган фактлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама этилмоқда.

Муаллифнинг таъкидлашича, пойтахтимиз марказида жойлашган 80 гектарли "Tashkent City" атрофи ўраб олинган бўлиб, 24 соат давомида муҳофаза қилинади. Киришга пул тўлайсиз. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам бу каби ситиларга кириш бепул. Қолаверса, шаҳар ичидаги “давлатча”да Ўзбекистонда қабул қилинган айрим қоидалар амал қилмайди. Хусусан, карантин муносабати билан махсус комиссиянинг 20 июлдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидаги барча овқатланиш масканлари – кафе, чойхона, ресторан ва ошхоналарнинг фаолияти эрталабки соат 8 дан кечки соат 20 гача этиб белгиланди. Улар фақат очиқ ҳавода фаолият юритиши керак эди. Аммо "Tashkent City"дагидар бу қоидага амал қилмаган.

"Tashkent City"га кириш бепул бўлиши керак эмасми? Ваҳоланки, уни қуришда катта имконият ва имтиёзлар берилганди. Ҳукумат қарори билан "Tashkent City"ни қуриш учун четдан келтириладиган хомашё ва транспорт барча божхона тўловларидан озод этилган. Солиқларни тўлашда ҳам имтиёзларга эга. Хомашё ва хизматларни тендерсиз танлаш имконият ҳам қонун йўли билан тақдим қилинган. Электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув, канализация қувурларидан истаганча фойдаланади. Аммо республика фуқаролари учун ичкарига кириш пулли, дейилади видеолавҳада.

Ижтимоий тармоқдаги бу чиқиш турли фикрлар, постларга сабаб бўлди. Айримлар ўзбек жамияти ижтимоий табақаланишга юз тутаётганлигини, яна бошқалар пулдорларнинг ўзбошимчалигини танқид қилган бўлса, яна кимдир алоҳида қоидалар ишлайдиган лойиҳалар қуришга ҳожат йўқлигини баён қилади.

Видеолавҳада кўтарилган мавзу жамиятда сунъий равишда ижтимоий ва мулкий табақаланишув рўй бераётганига урғу бергани билан ҳам эътиборга моликдир. Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари жамиятда кескин табақаланишув содир бўлишига қаршидир, партия дастурий мақсадларида бу масалага алоҳида урғу берилган.

Конституциянинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, эканлиги белгиланган.

Қомусимизнинг 20 моддасида эса “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт”, деб ёзилган.

"Tashkent City" ҳудудига кириш пулли экани мана шу тамойилларга зид, деб ҳисоблаймиз. Бундай табақалашув фуқароларнинг кайфиятига ёмон таъсир кўрсатади.

Биз ҳуқуқлар тенглиги ва уларни амалга оширишда имкониятлар тенглиги тарафдоримиз! Шунинг учун жамиятда барқарорликни сақлаб туриш учун ижтимоий кескинликни юзага келтириши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни тезкор ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонда молиявий белгиларга, шунингдек, айрим имтиёзларга кўра табақаланишга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун "Tashkent City"га кириш бепул бўлиши шарт.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати