Театр ва кинотеатрлар, истироҳат боғларидаги аттракционлар очилади

Театр ва кинотеатрлар, истироҳат боғларидаги аттракционлар очилади

Республикада карантин талабларини қисқартириш мақсадида Давлат Раҳбари томонидан берилган кўрсатмаларга мувофиқ Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан қуйидагилар рухсат берилди:

Биринчидан, 2020 йил 5 сентябрдан бошлаб:

Умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитари талабларига риоя этиши талаб этилади:

- банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
- столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш; 
- бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш; 
- ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши; 
- ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
- бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш.

Томоша ва маданий-кўнгилочар объектлар (фақатгина театр ва кинотеатр) фаолиятига. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитари талабларига риоя этиши талаб этилади:

- объектнинг ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш;
ташриф буюрувчиларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштириш ҳамда тиббий ниқобда бўлиш (зарур ҳолларда тадбир 2 соатдан зиёд давом этганда ниқобни бепул алмаштириш);
- объектларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, дезинфекцион “тўшаклар”, антисептик воситалари билан жиҳозлаш, уларга киришда ҳар бир ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 С ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда киритмаслик;
- ҳар бир сеансдан кейин ўриндиқ ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
- ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши; 

Парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар фаолиятига. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитария қоидаларига риоя этиши талаб этилади:

- ташриф буюрувчиларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда навбатда туришини таъминлаш; 
- аттракционларнинг юза қисмини ҳар соатда ёки ҳар бир фойдалангандан сўнг дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
- аттракциондан фойдаланишда ижтимоий масофани сақлаш; 
- ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши; 
- бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш (ёпиқ бинолардаги аттракционлар фаолияти учун).