Текшириш учун фуқарони ИИБга олиб бориш тартиби бекор қилинади

Текшириш учун фуқарони ИИБга олиб бориш тартиби бекор қилинади

Жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шу жумладан замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фуқарони ички ишлар бўлимига текшириш учун олиб бориш тартибини бекор қилиш режалаштирилмоқда.

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, “Е-патруль” тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш тартибини бекор қилиш ва барча маълумотларни жойида текширишни йўлга қўйиш мўлжалланган.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолиятини “бодикамера” ёрдамида назорат қилишни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Патруль хизматини авто ва мотопатруль шаклига ўтказиш орқали нарядларнинг мобиллигини ва ҳодиса жойига тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш назарда тутилган.

Шунингдек, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш режалаштирилган.

Қуйидагиларни назарда тутувчи 2022-2026 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган дастур ишлаб чиқилади:

  • автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш;
  • йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун барча иштирокчилар учун муносиб шароитларни яратиш;
  • йўл инфратузилмасини такомиллаштириш жараёнида ва хавфсизликни таъминлашда кенг жамоатчиликнинг иштироки учун зарур шароитларни яратиш.