Тез ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслиги оқибатида 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берган

Тез ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслиги оқибатида 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берган

Сўнгги икки йилда тез ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслиги оқибатида 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берган. Охирги уч йилда ҳайдовчилар томонидан махсус автотранспорт воситаларига йўл бермаслик билан боғлиқ 700 дан зиёд ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева маълум қилди.

"Тез ёрдам машиналарини ўтказиб юбораман, деб бошқа ҳайдовчиларимиз айбсиз айбдор бўлиб қолмоқда.

Яъни ўтказиб юбораман деб қоида бузса ҳам жарима тўлайди, қоида бузмай деб уларга йўл бермаса ҳам жарима тўлайди. Бу каби ҳолатларга чек қўйиш учун ҳам “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар  киритиш  тўғрисида”ги  Қонун жуда муҳим.

Ўз ўрнида шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, Қонун қабул қилиш муаммони ҳал қилишнинг бир қисми, холос.

Йўллардаги тартиб-интизомга фақатгина қоидабузарликни қайд этиб, жарима ундириш билан эришиб бўлмайди.

Бугун Қонун чиқса, эртадан бошлаб ҳайдовчиларни жазога тортиш керакмас. Аввало, тушунтириш, ўргатиш, огоҳлантириш керак", дейди Норбоева.