Тил. Тил? Тил!

Тил. Тил? Тил!

Шу йил 16 январдан бошлаб, Украинада хизмат кўрсатиш ишлари бутунлай украин тилига ўтказилади. Бу ҳақда ўтган президент Порошенко даврида қабул қилинган қонун кучга киряпти. Совет даврида шарқий Украина ва Киевдаги кўпчилик украинлар ўрислашган, украин тили аҳамияти тушиб кетганди. Лекин давлат тили обрўсини кўтариш борасидаги ишлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилиняпти.

Натижалар ўзини кўрсатганига мана бу рақамлар далилдир: агар Украина мустақиллигини эълон қилган 1991 йили мактаб ўқувчиларининг атиги 47 фоизи украин тилида ўқиган бўлишса, бугунги кунга келиб, бу рақам 90 фоизга етди. Aҳолининг 35 фоизи она тили ўрисча эканлигини билдирган. Мактабларда ўқиш украин тилида бўлмаган синфларда 5-синфдан бошлаб дарсларнинг камида 80 фоизи украинча ўқитила бошлаяпти.

Мен 2000 йиллар бошларида «Ёшлар» телеканалида эфирга узатилган «Ҳуқуқ ва бурч» муаллифлик кўрсатувимда Ўзбекистон мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари таълим тизимида Украинадагига ўхшаш ўзгартишлар киритилиши ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеъи ошишига хизмат қилишини билдиргандим. Орадан йигирма йил ўтгач, Тошкентда ўрис тилидаги мактаблар сони кўпайиб, вазият тескарисига ўзгаргани ғоят ачинарлидир.

«Бир кун келиб, бизнинг кўчамиздаям байрам бўлиб қолар» деган тотли хаёллар билан яшаб, ўтиб кетамиз, шекилли...


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.