ТИВ консулхона вакили ватандошларни Ғалаба кунини нишонламасликка чақирганини рад этди

ТИВ консулхона вакили ватандошларни Ғалаба кунини нишонламасликка чақирганини рад этди

Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ходими “ватандошларни Ғалаба кунини нишонламасликка чақирди" ва "дипломатик жанжални қўзғатди" деган хабар тарқалиши муносабати билан Бош консулхонаси ахборот берди.

Унда айтилишича, Бош консулхона дипломатлари бу каби чиқиш қилмаган ва ўзбек диаспораси вакилларини фашизм устидан Ғалаба кунини нишонлашдан воз кечишга чақирмаган.

Масалани ойдинлаштириш учун Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси билан боғланган. Ваколатхона ҳеч қандай дипломатик можаро ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилган.

"Иккинчи Жаҳон урушидаги буюк Ғалабанинг 75 йиллиги бизнинг умумий байрамимиз бўлиб, биз уни қувонч ва кўзда ёш билан эслаймиз. Шу кунларда биз аввало ўз ватанлари учун жонини фидо қилган барча жангчиларни муборак хотирасига бош эгамиз, оталаримиз ва боболаримизга, шунингдек, меҳнат фронти қатнашчиларига, оналаримиз ва бувиларимизнинг жасорати ва журъати учун чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Ўзбекистон Бош консулхонаси пандемия муносабати билан жорий қилинган қатъий карантин чораларига қарамай Ўзбекистонда буюк Ғалабанинг 75 йиллига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилган бир шароитда Ўзбекистон дипломатлари диаспора вакилларини Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани нишонламасликка чақирганликларини тасдиқлашнинг асоссизлиги ва мантиққа зидлигига яна бир бор эътиборни қаратади", дейилади хабарда.