ТИВ “Внуково” ва “Шереметево” аэропортларидаги вазият ҳақида муҳим хабарни эълон қилди

ТИВ “Внуково” ва “Шереметево” аэропортларидаги вазият ҳақида муҳим хабарни эълон қилди

Москва шаҳридаги “Внуково” ва “Шереметево” аэропортларида икки мамлакат ўртасида ҳаво, автомобил ва темир йўл алоқаси тўхтатилгани туфайли мамлакатимизга парвоз қила олмаган ҳамюртларимиз мавжуд.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси “Внуково” аэропорти раҳбарияти билан музокара ўтказиб, юртдошларимизнинг вақтинча қолиши учун “B” терминали ажратилди. Бу ерда тиббиёт пункти, ҳаммом ва ҳожатхоналар мавжуд, иссиқ овқат берилиши йўлга қўйилган, мебеллар (кресло, диванлар, стол ва стуллар) ўрнатилган. Тушунтиришларга қарамай, фуқароларимиз махсус белгиланган ҳудудга боришдан бош тортиб, ҳали ҳамон “Внуково” аэропортининг рўйхатдан ўтиш жойида қолмоқдалар.

Юртдошларимиздан иложи борича тезроқ “B” терминалга ўтишлари сўралади. 

Элчихона “Шереметево” аэропортидаги вазиятни ҳам назорат остига олган. Ҳозирда Россия ҳукумати билан бошқа давлатлардан Москвага транзит орали учиб келган фуқароларимизни олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ўзбек диаспораси вакиллари ва ҳомийлар билан биргаликда ватандошларимизни иссиқ овқат билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилмоқда.

Россия ҳудудидаги ватандошдан имкон қадар, эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилган ҳолда доимий/вақтинчалик яшаш жойини тарк этмаслик сўралади.

2020 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида  вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришлари мумкин. Бунинг учун улар ўзлари бўлган жойга энг яқин Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимига тегишли ариза билан мурожаат қилишлари лозим.