Тўдакўл соҳилида янги пляж-курорт очилди. Нархлари қандай? (фото)

Тўдакўл соҳилида янги пляж-курорт очилди. Нархлари қандай? (фото)

16 август куни бухоролик тадбикорлар томонидан Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида барпо этилган “Silk Road Family Resort” сайёҳлик курортининг расмий очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов очиб берди.

Очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Шахриёров, Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Камолиддин Ҳасанов, Қизилтепа тумани ҳокими Шабон Набиев ва бошқа мутасадди раҳбарлар қатнашди.

Жаҳон андозаларига мос келувчи ушбу дам олиш маскани лойиҳасига кўра, қурилиш жараёнлари 2022 йилда якунлаши режалаштирилган. Тўдакўл соҳили бўйида барпо этилаётган пляж, дам олиш ва соғломлаштириш маскани ҳамда аквапаркнинг умумий лойиҳа қиймати 6 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Аввалроқ Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда туризмни жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни муҳокама қилиб, Тўдакўл соҳилида сайёҳлик дам олиш масканларини ташкил қилишга доир тегишли тавсиялари билан бўлишган эди.

Тўдакўл қирғоғига туташ бўлган 15,0 гектар майдонда мазкур объектнинг биринчи босқичида - 500 нафар, иккинчи босқичида эса 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имконияти яратилади. Бу сайёҳлик дам олиш маскани ишга тушгач 150 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа тўлиқ қувватда фаолият юритиши билан дастлабки даврда бир ойда камида 4,5 млрд. сўм, кейинчалик эса 40 млрд. сўмгача даромад бўлиши кутилмоқда. Объект ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 7 минг туп манзарали дарахтлар экиш мўлжалланган бўлиб, айни пайтгача 3 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўтказилган ва пляж ҳудуди бўйлаб табиий чим ётқизилган.

Шунингдек, ушбу сайёҳлик объекти пляж, бассейн, қуёш нурида тобланиш, аквапарк, кичик “Диснейланд”, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш тапчанлари, корабль тимсолидаги ресторан, ёзги терасса, СПA-салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ ва махсус сув транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади. Бу масканга ташриф буюрувчилар учун очиқ осмон остида бир-биридан қизиқарли концерт ва шоу дастурлари ҳам намойиш этилади.

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Шахриёровнинг айтишича, курортга кириш бир кунга киши бошига 100 000 сўмдир. Бунга мажмуадаги бассейн ва бошқа хизматлардан фойдаланиш, сочиқ ва соҳил шезлонги ижараси киради. 6 кишилик айвонни ижарага олиш 1 миллион сўм (овқатлари билан). 5 ёшгача кириш текин. Нархлар бўйича батафсил маълумот яқинда эълон қилинади.