Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тоғли Қорабоғ, вазир Шерматов, миллиардер Усмонов ва миллат тақдири масаласида
17.10.2020 10:35,  
2622
Мен қуйидаги таҳлилда Тоғли Қорабоғдаги уруш, чет давлатлар ахборот хуружининг Ўзбекистон миллий хавфсизлигига таҳдиди, халқ таълими вазири Шерматовнинг мактаб битирувчилари ўрис тилини тўлиқ билишига эришиш зарурлиги ҳақидаги баёноти ва миллиардер Алишер Усмонов ажратган беш миллион долларни оқлаш учун Ўрусиядан келган ўрис тили ўқитувчилари олиб борадиган иш келажакда қандай оқибатлар келтириб чиқариши эҳтимолига тўхталмоқчиман. 
 
Озарбайжоннинг Арманистон ишғол қилган Тоғли Қорабоғ ва тегарагидаги еттита туманини озод қилиш учун олиб бораётган уруши Ўрусия ОАВлари томонидан бир томонлама ёритиляпти. Хусусан, regnum.ru хабар сайтида бу борада эълон қилинаётган ҳар тўртта хабардан учтаси арманиларнинг жабр чекаётгани ва Озарбайжонга нисбатан билдирилган асоссиз, ёлғон хабарлардан ташкил топган. Бу эса ўрис тилини биладиган бошқа давлатлардаги ўқувчига ўрис пропагандасини едириш ва Ўрусия нуқтаи назарини сингдиришга хизмат қилади.
 
Арманистон ўзига хайрихоҳ журналист ва ОАВларга ўз эшигини кенг очиб қўйган. Ўтган ҳафта Тоғли Қорабоғда ярадор бўлган ўрис журналистлар "Озарбайжон журналистларни ўққа тутди" қабилида ёритилиб, дунё ҳамжамияти ва ўрис тилли ўқувчиларда бирёқлама фикр уйғотишга уринилди. 
 
Президент Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ БМТ томонидан Озарбайжоннинг бўлинмас парчаси ўлароқ тан олинганини, шунинг учун урушни ёритиб, у ерга бормоқчи бўлган журналистлар Озарбайжонда аккредитациядан ўтишлари зарурлиги, шунда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилишини, Арманистон орқали бу ҳудудларга кирганлар эса Озарбайжонга ноқонуний киргани сабабли мамлакатдан чиқариб юборилишини, агар улар ўз хатосини тан олиб, бу ҳақда ташқи ишлар вазирлигига билдиришса, аккредитация берилиши мумкинлигини айтди. 
 
Шу ўринда, lenta.ru хабар сайтида чиққан "Карабахский тупик" — "Боши берк кўчадаги Қорабоғ" мақоласига тўхталмоқчиман. Уни армани Леонид Нерсисян ва Ксения Богачова ёзишган.
 
Биринчидан, озарий ва арманилар ўртасида юритилаётган урушни таҳлил қилиш тарафсиз журналистга топширилиши зарур эди. 
 
Иккинчидан, агар бунинг иложи бўлмаса, худди шу мақолада озарий журналист фикрини ҳам ёритиш керак эди. Дунё тажрибасида шундай қилинади. 
 
Энди мақоладаги ёлғон, боши айтилиб — охири айтилмаган, ўқувчини чалғитиш мақсадида атайлаб бузиб кўрсатилган мисолларга тўхталмоқчиман. 
 
Муаллифлар Тоғли Қорабоғнинг дунёда танилган отини бир четга суриб, унинг ўрнига асосан арманилар қўйиб олган "Арцах" деган отини ёзишган. 
 
Уруш ҳаракатлари бошланган 27 сентябрдан оташкесим эълон қилинган 9 октябргача 480 та Арманистон ва Арцах аскарлари ўлдирилган бўлса, Озарбайжон томонидан 4000 ҳарбий йўқ қилинганмиш. Бу рақамлар қаердан олингани ёки ўликлар сони қандай саналгани ҳақида ҳеч гап йўқ. 
 
Энг катта ёлғонлардан бири — урушнинг илк кунларида гўёки F-16 турк ҳарбий учоғи арманиларнинг Cу-25 ҳарбий учоғини уриб туширгани ҳақидаги "фейк" бўлди. Муаллифларга кўра, озарий тарафи олдинига буни рад қилибди-ю, кейинчалик далиллар кўрсатилгандан кейин президент Алиевнинг ўзи буни тан олганмиш. Бу билан, озарийлар "армани ҳудудига ҳужум қилгани" сабаб, Арманистон коллектив хавфсизлик ташкилотига аъзо давлатлар, биринчи ўринда — Ўрусияни ўз тарафида урушга киришига эришмоқчи эди. 
 
Ҳолбуки, Илҳом Алиев Cи-Эн-Эн ва Скай ТВга берган интервюсида ҳақиқатан ҳам ёз ойларида ҳарбий ўқувларда қатнашган иккита турк F-16 учоғи Ганжадаги аэропортда тургани, учирилмагани, агар учган бўлса, буни ҳар қандай мамлакат радарида бемалол кўриш мумкинлигини билдириб, арманиларнинг ёлғонини чиппакка чиқарганди.
 
Бомбардимонлар натижасида Тоғли Қорабоғда 53 тинч армани аҳоли ўлдирилгани йирик ҳарфлар билан берилган. Президент Алиев буни турар-жой бинолари бомбаланган стратегик объектларга қўшни эканлиги билан изоҳлаб, ҳеч қачон атайлаб тинч аҳолини нишонга олмасликларини билдирди.
Бунинг тескариси — арманилар фронт линиясидан 60 км (!) узоқликдаги Ганжа ва бошқа шаҳарларга учирган ракета ҳужумлари оқибатида 30 дан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилгани мақола муаллифлари фикрича эътиборга лойиқ факт эмас эканки, бу ҳақда умуман билги берилмаган. Озарбайжонда ўлган тинч аҳоли орасида бир кекса армани аёл борлигини таъкидлаш ўринлидир. Бу ўлимлар ҳақида лом-мим демаган журналистлар Ганжа аэропорти бомбардимон қилинишига ҳуқуқий баҳо беришни ҳам "унутишган".
 
Бу ҳам етмагандек, "арманилар Озарбайжон шаҳарларига ракета отгани ҳақидаги хабарлар ёлғон" деган фикрни исботлашга уринадилар. 
 
Мақолага илова қилинган расмларнинг ҳаммаси арманилар ишғоли остидаги ҳудудларда олинган. Озарбайжонда мингдан ортиқ турар-жой бомбардимонлар натижасида вайрон қилингани ҳақида бирорта сўз йўқ.
 
Муаллифлар шонли армани армияси қандай қилиб Озарбайжон аскарларини "йўқ қилаётгани" борасида ҳам ёлғонларни дўндиришган. "Озарий армияси фалон шаҳар ё қишлоқни озод қилди" деган хабарлар ёлғон эмиш. Бугунгача 200 дан ортиқ армани танки йўқ қилиниб, яна улар ташлаб қочган 30 дан ортиқ танк қўлга киритилгани ҳам муаллифлар эътиборига тушмаган.
 
Туркиянинг қардош Озарбайжонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан муаллифлар беҳузур бўлаётгани равшан бўлиб қолган. Улар "озарийлар Туркияда ишлаб чиқарилган қурол-яроғларни қўллашяпти" деб ёзиб, бу билан турклар ҳақида ёмон таассурот уйғотишмоқчи бўлади. Ҳолбуки, Илҳом Алиев чет эл ОАВларига берган интервюларида мамлакати турли давлатлардан қурол сотиб олгани, булар орасида Ўрусия, Беларуссия, Украина, Исроил ва Туркия борлигини очиқ айтди. 
 
Ҳарбий манбаларга кўра, Туркиядан олинган аслаҳа Озарбайжон сотиб олган барча қуролларнинг 10 фоизини ташкил қилади, холос. Шундан 30 фоизи эса Ўрусияга тўғри келган. Лекин, муаллифлар бу ҳақиқатни айтмай, Туркияни ўқувчи кўз ўнгида олабўжи қилиб кўрсатишга уринишган. 
 
Мақола сўнггида муаллифлар "уруш натижасида Озарбайжон нари борса жанубда озгина, шимолда эса унданда оз ерини қайтариб олишга эришади, холос" деб башорат қилишган.
 
Энди мақолада баён қилинганларнинг аксини кўрсатган нодир мисол: эркин "Новая Газета" мухбирининг Тоғли Қорабоғдаги ҳақиқий аҳвол ёритилган мақоласи эълон қилинди. Унда Ханкенди (Степанакерт) шаҳрида маданият уйида йиғилиш ўтказаётган 600 аскар ва полиция устига бомба тушгани, жуда кўпчилик ўлгани, арманилар урушдан безор бўлгани ва бошқа фактлар келтирилган. 
Арманистон ташқи ишлар вазирлиги журналистдан мақолани сайтдан олиб ташлашни талаб қилди. Рад жавоби олингач, журналист Арманистондан чиқариб юборилди. 
 
Бошқа ўрис ОАВлари "Яқин шарқдан келган ёлланма террорчилар озарийлар билан бирга жанг қилишяпти" деб жар солишяпти. Озарбайжоннинг "далили борми?" деган саволига эса "манбаларнинг айтишича" дейишдан нарига ўтишмаяпти. 
 
Бунинг том тескариси — Арманистон армияси сафларида 1915 йилларда ҳозирги Ироқ, Ливан ва Сурия тупроқларига сургун қилинган арманиларнинг аждодлари, шунингдек Юнонистон, Франса, Канада каби давлатларда яшаётган армани миллатига мансублар ўлаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалаётганини улар "кўришмаяпти".
 
Энди, Ўзбекистондаги ахборот муҳитига келсак.
 
2000-йиллар бошларида қўшни Қирғизистон ҳукумати мамлакат жанубидаги ҳудудлар Ўзбекистон телевидениеси таъсири остидалигидан қаттиқ ташвиш билдиришганди. Охир-оқибат, 2010 йилги иккинчи ўзбеклар қирғинидан сўнг Ўш ва Жалолободдаги ўзбек ТВлари қирғизчага ўтказилиб, ўзбек журналистлар ишсиз қолди. 
 
Ўша даврларда Тожикистон президенти Хўжанд вилоятидаги чекка бир қишлоққа борган ва ўқувчилар билан гаплашган. Болалар "президентимиз Ислом Каримов" дейишганида анча тўполон чиққан экан. Натижада, тезлик билан тожик ТВсини ретрансляция қиладиган қўшимча миноралар қуришга пул топилган.
 
Юқоридаги мисоллар чет эл ОАВлари халқ орасида ўзлари яшаётган юрт ҳақида исталмаган фикрлар яратишга қанчалик ҳисса қўшишини исботлайди. 
 
Қаттиқ давлат назорати остида фаолият юритадиган Ўзбекистон ОАВлари Тоғли Қорабоғдаги уруш ҳақида етарли билги тарқатмаяпти, таҳлилий журналистика йўқ ҳисоби. Ўзбекистонликлар бу мавзу тафсилотларини асосан Ўрусия ОАВлари, хусусан, бемалол кўриш мумкин бўлган ўрис телеканалларидан олишмоқда. 
 
Ўрис тилли аҳоли эса янгиликларни фақат ўрис телеканаллари ва интернет нашрларидан ўрганишади. "Нима бўпти?" деганлар ҳам бўлиши мумкин. Битта мисол: Тошкентда давлат идораларига келиб, ходимларга "сени Путинга шикоят қиламан" деган кишилар бўлган. 
 
Аслида, юқоридагиларнинг ҳаммаси Ўзбекистон миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган жиддий унсурлардир. 
 
Энди, бу ҳам камлик қилганидек, халқ таълими вазири ҳамма битирувчилар ўрис тилини билишига эришишни режалаштирганини баён қилибди. Миллиардер юртдошимиз Алишер Усмонов эса бу "хайрли иш"га беш миллион доллар ажратибди. Собиқ босқинчи давлатдан ўрис тили ўқитувчилари десанти ҳам етиб келақолди. 
 
Аслида, мен тил ўрганишни доим ёқлаб келаман. Бир неча тилларни билганларга ҳавас қиламан. Ўзим ўзбек, турк, ўрис ва инглиз тилларини биламан. Лекин, марҳум президент Каримов даврида инглиз тилини ўрганишга эътибор қаратилган бўлса, ҳозирги кунда нега ўрисчани билиш долзарб масалага айланиб қолганига бир кўз ташлайлик.
 
Ҳаммага маълум, Ўрусияда мардикорлик қилаётган ўзбекистонликлар сони бир неча миллиондан ортиқдир. Адашмасам, бундан уч йилча олдин Санкт-Петербург мэри шаҳардаги ўзбеклар сони салкам бир миллион эканини айтганди. Уларнинг аксарияти малакасиз, қора ишларда ишлагани етмагандек, ўрисчаниям билишмайди. 
 
Ўрусиядаги айрим офисларда "Она тилингизда гаплашиш тақиқланади. Яшаётган мамлакатингиз тилини билинг" деган эълонлар осиб қўйилганини кўрсатган расмлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган. Афсуски, ҳеч қайси давлат расмийлари бундай дискриминация қилувчи эълонлар юзасидан баёнот билан чиқмади.
 
Бир қарашда, ўрис тилини ҳамма ўқувчилар ўрганишини таъминлаш олижаноб ишга ўхшайди. Ва, яна шуни афсуслар билан қайд қиламанки, Ўзбекистон ОАВларида ҳақиқий таҳлил йўқ. Доим танганинг бир томони ялтироқ қилиб кўрсатилиб, иккинчи томони ҳақида лом-мим дейилмайди. 
 
Ўрусия аҳолиси йилдан-йилга озайиб боряпти. Ўрисча билгани учун Ўрусия ОАВларини кузатиб борган ва ўрис пропагандасини ёқловчи мардикорлар мамлакат учун жуда арзон ва қулай топилмадир. Туб аҳоли қора ишларда меҳнат қилишни ўзига ор деб билади, уларнинг ўрнига меҳнат мигрантлари ишлайди. Ўзбекистон каби аҳолиси қашшоқ юртлар вакиллари иш йўқлиги сабабли, Ўрусияга бир бурда нон топиш илинжида келиши эса ҳали-вери тўхтамайди. 
 
Ҳар қандай таёқнинг иккита учи бўлади. Мен анча йиллардан бери тилмоч бўлиб ишлайман. Хизмат вазифам давомида ўзбек тилидан бошқа тил билмайдиган, лекин ўзбек тилида айрим соҳаларда айтилган гапларни тушунолмайдиган ўзбекистонликларга ҳам тилмочлик қилиб бераман. Бу тилимиз маиший тил даражасидан кўтарилолмаётганининг далилидир. 
 
Ўзи Ўзбекистонда давлат тили амал қилишини таъминлаш йўлига ўрис тили катта тўғаноқ бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Ҳозир жамиятда юз бераётган воқеалар эса, афсуски, ўзбек тили мавқеини кўтаришга хизмат қилмайди. 
 
Мен халқ таълими вазири "таълим ўрис тилида олиб бориладиган мактаблар битирувчилари ўзбек тилини ҳам она тилидай эгаллашига эришишни, бунинг учун дарсларнинг ярмини ўзбек тилига ўтказилишини режалаштиряпмиз" дейишини, миллиардер Алишер Усмонов эса бу вазифа учун маблағ ажратиб, юз минглаб ўзбек ўқитувчилари қўшимча кирим билан таъминланиб, турмуш даражаси кўтарилиб, халқ ичида обрўси қайта тикланишига ҳисса қўшадиган кунни кўришни истайман.

Тил жонли организмга ўхшайди — агар кундалик ҳаётнинг ҳамма соҳаларида ишлатилмаса ўша соҳаларда ривожланишдан тўхтаб, ўз кўринишини йўқотиб, ўрнини бошқа тилга бўшатиб бера бошлайди. 

Шимолий Америкада туб аҳоли — қизил танлилар сўзлашадиган 110 дан ортиқ тилда сўзлашувчи одам қолмаган. Тилчи олимлар фикрича, асримиз сўнггида ҳозирги дунё тилларининг тенг ярми йўқолиб кетади. Бу — ҳар икки ҳафтада бир тил қайтариб бўлмайдиган абадиятга кетяпти, дегани.
 
Доно халқимиз айтганидек, ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан