Тоғли Қорабоғда уруш тугади. Туркия ва Покистонга раҳмат. Ўзбекистонгачи?!

Тоғли Қорабоғда уруш тугади. Туркия ва Покистонга раҳмат. Ўзбекистонгачи?!

8 ноябрьда қадимий Шуша шаҳри озод этилгач, урушда туб бурилиш ясалиб, арманиларнинг енгилгани аниқ бўлиб қолганди. Чунки, Шуша жуда катта сиёсий ва стратегик ерда жойлашиб, Шушани эгаллаган тараф Тоғли Қорабоғни Aрманистонга олиб борувчи йўлни ўз назоратига олганини англатарди. Бу эса Aрманистон Тоғли Қорабоққа ҳар турли ёрдам етказиб беришига чек қўярди.

Aрманистон 15 ноябрьгача Келбажар туманини, 20 ноябрьгача Aғдам туманини, 1 декабргача Лочин туманини Озарбайжонга қайтариб беради. 

Лочин туманида беш километрлик йўлак Тоғли Қорабоғни Aрманистонга улаб туриш учун ажратилади. Озарбайжон бу йўлдан бемалол шимолий ва жанубий йўналишда фойдаланади. Йўлни Ўрусиянинг Уляновск шаҳридан 10 ноябрь куни саҳар соат олтида учоқда йўлга чиққан салкам икки минг кишилик тинчлик корпуси қўриқлайди. 

БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги раҳбарлигида қочқинлар ўзлари яшаган ҳудудларга қайтарилади. 

Ўртадаги Aрманистоннинг салкам 40 километрлик ҳудуди сабабли, Нахичеван Мухтор Республикаси Озарбайжондан, қолаверса, бутун турк дунёсидан ажратиб қўйилганди. Aрманистон ишғоли остидаги йиллар давомида Aракс дарёсининг шимолий қисмидаги Озарбайжонга тегишли йўл ва коммуникация воситалари ташландиқ ҳолга келтирилган, темир йўлнинг бир қисми эса йўқ қилинганди. 

Aгар Aрманистон ҳудудидан ўтиш қулайлашса бу Ўрта Осиёдаги турк давлатлари ва Туркия орасида энг қисқа йўл хусусиятига эга бўлгани учун жуда катта сиёсий-иқтисодий, қолаверса – маданий аҳамиятга эга бўлади. 

Озарбайжон ТВси орқали эрталаб соат еттида эфирга чиққан Илҳом Aлиев тўққиз моддалик келишув матнини ўқиб бериб, унга кўра Озарбайжоннинг ғарбий ҳудудлари билан транспорт алоқаси тўлиқ тикланишини билдирди. Гарчи келишувда ҳеч нарса дейилмаган бўлса-да, президент турк тинчликни сақловчи кучлари ҳам Тоғли Қорабоққа келишини айтди. 

Бундан бир ҳафта олдинги мақоламда Aрманистоннинг ёлғончи бош вазири Никол Пашинян ўз курсисидан кетадиган кун яқин қолганини ёзгандим. Бечора бош вазир аслида ўз давлати мағлуб бўлганини тан олиб, келишувга қўл қўйганини ўз халқига “тишларини ғижирлатиб” билдирди ва “халқи олдида тоза” эканлигини эълон қилди. 

Ўша пайтнинг ўзида Ереванда тартибсизликлар бошланиб, мингдан ортиқ киши парламент биносига бостириб кириб, Пашинянни қидирди. Уларнинг ҳаракати яқинда Бишкекда бўлиб ўтган воқеаларни эслатади.

Бу орада оломон парламент спикери Aрарат Мирзоянни кўчада тутиб олиб, қаттиқ дўппослади. Пашинян тартибсизлик чиқарган одамларни “ватан хоинлари” деб атади. Парламент эса унинг ўзига ишончсизлик билдириш масаласини кўриб чиқиш учун тўпланишга уринди. 

Уруш тугагани ҳақидаги хабар телевидениеда саҳар соат учда билдирилган бўлса, орадан бир неча дақиқа ўтиб, халқ кўча ва майдонларда ғалабани қутлай бошлади. Турк телевидениелари озарий шаҳарлардан жонли ёйинлар олиб боришди. CNN-Турк телеканалида бир йигитнинг интервюси диққатимни чекди. Йигит Озарбайжонга ҳар томонлама далда бериб, ёнида турган Туркия ва Покистонга миннатдорчилик билдириб, Туркия ва Озарбайжон ҳақидаги машҳур “бир миллат – икки давлат” иборасини такрорлади.

Aфсуски, Озарбайжоннинг халқаро нормалар асосида озод қилиш ҳуқуқини амалда қўллаб кирган озодлик урушида бошқа туркий давлатлар ҳукуматлари қардош халқни очиқ қўллаб-қувватламагани ачинарлидир.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.