Тожикистон раҳбарининг 33 ёшли ўғли парламентнинг юқори палатаси раиси бўлди

Тожикистон раҳбарининг 33 ёшли ўғли парламентнинг юқори палатаси раиси бўлди

Душанбе шаҳар ҳокими Рустам Эмомали Тожикистон парламенти юқори палатасининг раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Спутник Тожикистон нашри хабар берди.

Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ва ТБАВ раҳбари Ёдгор Файзов парламент раисининг ўринбосари лавозимларига сайланди.

Тожикистон парламентинининг 6-чақириқ мажлисида нутқ сўзлаган Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон барча парламент аъзоларини, жумладан, Рустам Эмомали ва унинг ўринбосарларини табриклади. 

Рустам Эмомали — Тожикистон республикаси президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли.

1987 йилда туғилган. Тожикистон миллий университетини халқаро иқтисодий муносабатлар мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У Тожикистон божхона хизмати раиси, Коррупцияга қарши кураш агентлиги раиси лавозимларида ишлаган.

2017 йил 12 январда президент фармони билан Рустам Эмомали Душанбе мэри лавозимига тайинланган.

2020 йил 27 март куни Рустам Эмомали Тожикистон парламентининг юқори палатасига депутат этиб сайланди. Унинг номзоди халқ депутатлари вилоят кенгашининг биринчи қўшма мажлисида бир овоздан қўллаб-қувватланди.