Тожикистон: “Толибон”нинг янги ҳукумати таркибида тожиклар ҳам бўлиши керак

Тожикистон: “Толибон”нинг янги ҳукумати таркибида тожиклар ҳам бўлиши керак

“Толибон” ҳаракати Афғонистонни қарийб тўлиқ қўлга киритгач, уларнинг “норасмий оғаси” — Покистон дипломатик музокараларни бошлаб юборди. Покистон ташқи ишлар вазири шу кунларда Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Эронга амалий ташриф билан юрибди.

Бугун у Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан учрашибди. Тожикистон тарафининг Афғонистон бўйича талаблари эътиборга молик:

Биринчидан, Тожикистон барча афғонистонликлар, айниқса, туб халқлар — тожикларнинг истак-хоҳишлари инобатга олинмаса, “Толибон” ҳукуматини тан олмайди.

Иккинчидан, Тожикистон фикрича, “Толибон” инклюзив, яъни жамиятнинг барча қатлами иштирокида ҳукумат тузиш бўйича дастлабки ваъдаларини бажармаяпти. Мамлакат аҳолисининг 46%ини ташкил қиладиган тожиклар албатта янги ҳукумат таркибида бўлиши керак, демоқда Тожикистон.

Учинчидан, Афғонистоннинг давлат тузилиши референдум орқали барча аҳоли қатлами хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда шакллантирилиши керак. “Тожиклар Афғонистоннинг бўлажак ҳукуматида ўз ўрнига эга бўлиши керак”, демоқда Эмомали Раҳмон.