Тожикистонда муҳтожларга 15 миллион доллар тарқатилди

Тожикистонда муҳтожларга 15 миллион доллар тарқатилди

Тожикистонда 390 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, етимлар ва қаровсиз болалар, шунингдек, ёрдамга муҳтож чет элликлар – қочқинларга бир марталик манзилли ижтимоий нафақалар тўланди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар қилди.

Ёрдам президентнинг «COVID-19 юқумли касаллигининг Тожикистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларига таъсирининг олдини олиш тўғрисида»ги фармони доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 17 ноябрига қадар бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 175 миллион сомонийга яқин (ўртача йиллик ставка бўйича тахминан 15 миллион доллар) маблағ ажратилди, шундан 156 миллион сомонийдан зиёдини муҳтожлар қабул қилиб олган.

Ушбу маблағларнинг 35 фоизга яқини Хатлонда, 31 фоизи Сўғдда, 23 фоизи туманларда, 7 фоизидан ортиғи Душанбеда ва 4 фоизидан сал кўпроғи Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятида тарқатилган.

Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган рўйхатга кўра, 437,4 мингга яқин кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, етим болалар, қаровсиз қолган болалар ва кам таъминланган чет эл фуқароларига бир марталик манзилли ёрдам кўрсатилмоқда.

Маълумот учун, «COVID-19 юқумли касаллигининг Тожикистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларига таъсирининг олдини олиш тўғрисида»ги фармон президент томонидан 2020 йил 5 июнда имзоланган.

«Давлат бюджетининг захира маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан аҳолининг заиф қатламларига, шу жумладан 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, ижтимоий нафақа олаётган фуқароларга, ногиронларга, етим болаларга, қаровсиз қолган болаларга, кам таъминланган оилаларга энг кам иш ҳақи миқдорида бир марталик ёрдам тақдим этилади», – дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг май ойида ҳукумат қарори билан кам таъминланган оилаларга манзилли ижтимоий нафақалар тайинлаш ва тўлашнинг янги механизми тасдиқланди. Ушбу механизм орқали ёрдам бериш 2020 йилнинг 1 июлидан бошланди.

Унга кўра, ҳар бир кам таъминланган оилага йиллик нафақа 464 сомоний қилиб белгиланди. Бундай имтиёзлар «Амонатбанк» бўлинмалари орқали ҳар чоракда 116 сомоний миқдорида тўланади.