Тожикистонда Наврўз байрами ортиқча харажатларсиз нишонланади

Тожикистонда Наврўз байрами ортиқча харажатларсиз нишонланади

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 19 февраль куни бош вазир ўринбосарлари, президент маслаҳатчилари ва қатор давлат идоралари ҳамда вазирликлар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди, деб хабар беради Asia Plus.

Йиғилишда баҳорги қишлоқ хўжалиги ишлари, Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллигига тайёргарлик кўриш каби масалалар муҳокама қилинган.

Шунингдек, йиғилишда Наврўз байрамини нишонлаш масаласи ҳам кўтарилган бўлиб, давлат раҳбари ушбу байрамни ортиқча харажатларсиз нишонлаш бўйича топшириқ берган.

Эмомали Раҳмоннинг таъкидлашича, республика ҳукуматининг барча чора-тадбирлари халқнинг яхши яшаши, мамлакатнинг ривожланишини таъминлашга йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Тожикистонда Наврўз анъанавий театрлаштирилган томошаларсиз ўтказилади. Мамлакатнинг Коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича тезкор штаби пойтахтнинг тўртта туманида маҳаллий концерт ва спорт тадбирларини ўтказишга, шунингдек, барча санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда сайрларга рухсат берган.

Аввалроқ Қозоғистонда Наврўз байрамини 10 кун нишонлаш таклиф этилаётгани тўғрисида хабар берган эдик.