«Толибон» Афғонистонда қандай давлат қурмоқчи?

«Толибон» Афғонистонда қандай давлат қурмоқчи?

«Толибон» ҳаракати вакили Афғонистонда янги бошқарув тизими жорий этилишини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги маълум қилди.

«Толибон» ҳаракатининг юридик, диний ва ташқи сиёсат экспертлари яқин бир неча ҳафта ичида бошқарувнинг янги тузилмасини тақдим этиш ниятида», — дейди манба.

Унга кўра, бошқарувнинг янги шакли бутун аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлади.

20 августда «Толибон» вакили Афғонистонда янги конституция пайдо бўлишини, бу мамлакатда фавқулодда вазият юзага келганда зарурлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда одамларнинг эҳтиёжларини қондириш, бўшлиқни бартараф этиш ва шундан кейингина бошқа қадамларни қўйиш керак.

19 август куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистон келажаги борасида «Толибон» раҳбарияти билан шахсан мулоқот қилмаганини, лекин бунга тайёр эканлигини маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, «жаҳон ҳамжамияти «Толибон» билан музокараларда бирдам бўлиши ва умумий фронт сифатида ҳаракат қилиши керак». Бундан ташқари, Гутерриш Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузишга умид қилаётганини айтган.

16 августда БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, Афғонистонда янги инклюзив ҳукумат тузишга чақирган. Иккинчиси аёлларнинг тўлиқ, тенг ва мазмунли иштирокини назарда тутади.