“Толибон” Москвага боради. Путин уларни қабул қиладими?

“Толибон” Москвага боради. Путин уларни қабул қиладими?

Бугун, 15 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида Россия Президенти Владимир Путин “Толибон” билан мулоқот қилиш керак, лекин уларни тан олишга шошилмасликни айтди. У, шунингдек, афғонлараро ярашув жараёнини қўллаб-қувватлаш ва бу мамлакатдаги вазиятни нормаллаштиришга интилишни зарур, деб ҳисоблашини маълум қилди.

Унинг фикрича, кенгайтирилган “учлик” (Россия, АҚШ, Хитой ва Покистон иштирокида) ишини, шунингдек, минтақанинг асосий давлатлари иштирок этадиган Москва форматини қайта тиклаш мумкин. Россия Федерацияси Президентининг айтишича, ушбу механизмлар доирасида октябрь ойининг ўзидаёқ учрашувларни Москвада имкон қадар тезроқ ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бунга қадар, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова  келаси ҳафта “Толибон” делегацияси Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларининг Москва форматида иштирок этиш учун келиши кутилаётганини маълум қилганди. Ушбу ахборотни Россия Президенти Матбуот хизмати раҳбари Песков ҳам тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, Москва форматидаги учрашув жорий йилнинг 20 октябрига белгиланган. Бу формат 2017 йилда Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой ва Покистон махсус вакилларининг олти томонлама маслаҳатлашув механизми асосида яратилган.