«Тонировкани ёз ойлари учун бепул қилинг» — депутат

«Тонировкани ёз ойлари учун бепул қилинг» — депутат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев яна бир бор тонировкани бепул қилиш масаласини кўтарди.

«Ташқарида камида 40 даража иссиқ. Табиийки, бундай иссиқда фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва меҳнат самарадорлиги пасаяди. Кундузи иссиқдан жон сақлаб, кечки салқинда кўчага чиқар десанг, карантин чекловлари сабаб соат 20:00дан кейин деярли барча хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти ҳам тўхтатилмоқда.

Қисқаси, ёзнинг жазирама иссиқ кунлари нафақат фуқароларга ноқулайлик яратиляпти, балки мамлакат ЯИМ, айниқса хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига қаттиқ зарба бўлмоқда.

Лекин биргина йилнинг иссиқ мавсумида автомобиль ойналарини қорайтиришга бепул ёки минимал тўловлар асосида рухсат берилиши фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва самарадорлиги ошиши ҳамда мамлакат иқтисоди ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.

Тонировкани пуллик қилишни ўйлаб топган ҳурматли раҳбарлар, одамларни ўйламасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса иқтисодиётни, солиқлар тушумини ўйланг илтимос. Иқтисодиёт ўсиши, бюджетга кўпроқ пул тушишини истасангиз, тонировка нархларини ёз ойлари учун бекор қилинг», деб ёзади у.