Тошкент илк бор “Катта Дубулға” турнирига мезбонлик қилади

Тошкент илк бор “Катта Дубулға” турнирига мезбонлик қилади

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Токио олимпиадасигача бўлган давр учун мусобақалар тақвимини эълон қилди. Эътиборга молик жиҳати, мамлакатимиз пойтахти Тошкент илк бор «Катта Дубулға» турнирига мезбонлик қилади. Шу пайтгача ҳар йили Тошкентда Гран-при турнири ўтказиб келинаётган эди. Ўтган йили «Ҳумо Арена»да ушбу мусобақа муваффақиятли ташкил этилгач, IJF Ўзбекистон учун «Катта Дубулға» турнирини ҳам тақдим этишга қарор қилди. Мусобақа шу йил 5-7 март кунлари ўтказилади. Эслатиб ўтамиз, мавсумни 11-13 январь кунлари оралиғида ўтадиган Қатардаги «Мастерс» турнири бошлаб беради. 6-13 июнь кунлари эса Олимпиададан олдинги йилнинг энг нуфузли мусобақаси – Жаҳон чемпионати ташкил этилади. Венгрия пойтахти Будапешт шаҳри яна бир бор катталар ўртасидаги дунё биринчилигига мезбонлик қилади. Дарвоқе, 2021 йили мамлакатимиз тарихида илк маротаба катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилиши керак эди. Бироқ, пандемик шароит туфайли ўтказилмади. Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбари Азиз Камиловнинг ўтган йили IJF президенти билан Будапештда ўтган учрашувида айни шу масала ҳам муҳокама қилинган ва Тошкентда ўтказилмай қолган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2022 йилга кўчирилиши маълум қилинган эди.