Тошкент метросида бир кунда 3 кишининг телефони ўғирланди

Тошкент метросида бир кунда 3 кишининг телефони ўғирланди

Тошкент метрополитенининг «Мирзо Улуғбек», «Пахтакор» ва «Халқлар дўстлиги» бекатларида фуқароларнинг телефонларини ўғирлаган шахс қўлга олинди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 23 март куни Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига 1997 йилда туғилган фуқаро Р.Н. ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида, шу куни соат 19:00 ларда Тошкент метрополитенининг «Мирзо Улуғбек» бекатида ёнида бўлган Samsung А70 уяли телефон аппаратини устки кийимининг ўнг чўнтагидан номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилганини айтган.

Мазкур аризага асосан, Метрополитенда ХТБ тезкор ходимлари томонидан Тошкент метрополитенининг «Буюк ипак йўли» бекатида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида, ушбу жиноятни 1979 йилда туғилган Тошкент вилояти Паркент тумани «Сўқоқ» ҚФЙда яшовчи, фуқаро Б.Б. томонидан содир этилгани гумонланиб, қўлга олинган.

Б.Б.нинг ёнидаги буюмлари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, эгнидаги курткаси ички чўнтагидан 3 дона ўзига тегишли бўлмаган уяли телефон аппаратлари топилиб, Метрополитенда ХТБ ихтиёрига олинган. Ушбу телефонлардан бири, яъни Samsung А70 телефони фуқаро Р.Н.га тегишлилиги аниқланди.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, шу куни Б.Б. яна 2 маротаба ўғирлик содир этгани, яъни соат 14:00 ларда Тошкент метрополитенининг «Халқлар дўстлиги» бекатида вояга етмаган фуқаро 2005 йилда туғилган З.М.нинг Redmi 6 телефон аппаратини ҳамда, соат 19:00 ларда «Пахтакор» бекатида фуқаро 2002 йилда туғилган Г.Д.нинг Samsung-6 Grand Prime Plus телефон аппаратини ўғирлаб олгани аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар бўйича зарурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.