Тошкент метросида икки поезд тўқнашгани айтилмоқда. Ҳолатга изоҳ берилди

Тошкент метросида икки поезд тўқнашгани айтилмоқда. Ҳолатга изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг “Беруний” бекатида икки поезд тўқнашгани айтилган видео тарқалди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

Унга кўра, ушбу кадрлар 7 апрел куни соат 08:40 да техник сабаб билан йўловчилар “Ғафур Ғулом” стансиясида ҳаракатланувчи таркибдан тушиб, захирага келган навбатдаги поездга кўчирилаётган пайт метро йўловчиларидан бири томонидан суратга олинган. Йўловчилар туширилган поезд шатакка олиниб, Беруний стансиясига олиб борилган.

Шунингдек, хабарда оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки интернетда ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик борлиги эслатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 март куни Тошкент метрополитенининг Чилонзор ва Сирғали йўналишлари орасида иккита поезд тўқнашуви содир бўлганди.