Тошкент метросида вагон ушлагичларига оёғи билан осилиб турган йигитга чора кўрилди

Тошкент метросида вагон ушлагичларига оёғи билан осилиб турган йигитга чора кўрилди

Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларида Тошкент метросида ўспириннинг вагон юқоридаги ушлагичларига оёқлари билан осилиб туриб, ғалати овоз билан бақираётгани тасвирланган видео тарқалди. «Тошкент метрополитени» УКнинг маълум қилишича, тергов жараёнида ушбу йигитларнинг кимлиги аниқланган.

Маълум қилинишича, улар 2005 йилда туғилган А.А. ва Т.У. исмли йигитлар бўлиб, Юнусобод туманидаги 105-мактабда ўқийди. Ушбу ҳаракатни йигитлар Instagram ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасини ривожлантириш, обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида амалга оширган.

Улар билан Ички ишлар вазирлиги Метрополитендаги хавфсизлик бошқармаси вакиллари, пойтахт метрополитени маъмурияти, шунингдек, 105-мактаб маъмурияти ва ота-оналар иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилган. Мазкур ҳолат бўйича иш қўшимча кўриб чиқиш мақсадида ҳудудий (яшаш жойидаги) вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимига ўтказилган.

Ушбу ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 115-моддасига (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) биноан чора кўрилади.

«Бундан ташқари, улар Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида белгиланган ниқоб режимига риоя қилмай, қоидаларни бузгани учун ҳам жавобгарликка тортилади», — дейилади хабарда.

Метрополитен раҳбарияти йўловчиларни огоҳликка чақириб, улардан метро хизматларидан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраган.