Тошкент шаҳар ҳокими қабулига келганлар орасидан эркакларни излади

Тошкент шаҳар ҳокими қабулига келганлар орасидан эркакларни излади

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мирободлик шикоятчилар билан мулоқот чоғида жазавага тушиб бақиргани акс этган аудиони “Озодлик” радиоси турли тармоқларга сиздирди. “Озодлик”нинг хабар беришича, бу воқеа 16 август куни содир бўлган.

Шу пайтгача халқ билан мулоқотни ўрнига қўйиб келяпти, дея эътироф этиладиган Тошкент шаҳар ҳокимининг бу тарздаги муомаласи жамоатчиликда кескин норозилик уйғотди. Маълум бўлишича, мирободлик шикоятчилар Нукус кўчасидаги 88-уй ва 1-Миробод тор кўчасидаги 5-уй оралиғидаги 60 метрлик бўш майдон ўрнида савдо мажмуоаси қуриш ҳақидаги аввалги ҳоким қарорини бекор қилишни сўраб Жаҳонгир Ортиқхўжаевга учинчи бор мурожаат қилишган.

Ҳоким қабул чоғида шикоятчиларга: “Қаерга борсанг шу ерга бор, хоҳласанг Президентга, хоҳламасанг Худога бор”, дейди ва стол устига нима биландир қаттиқ-қаттиқ уради. Қабулда ҳозир бўлганларнинг айтишича, ҳоким столга сув тўлдирилган баклажка билан уради ва зарбнинг қаттиқлигидан суви тўкилиб кетган баклажкани улоқтириб юборади.

Аудиоёзувда ҳокимнинг: “Эркаклар борми бу ерда, качоги, мужиги борми?” деганини ҳам эшитиш мумкин. Аёлларга эса, мусулмон аёл жим туриши, эркаклар гапириши кераклигини таъкидлаб, улардан ҳам: “Эрларинг борми, болаларинг борми, ғурур борми?” деб сўрайди.

Ҳокимнинг аёлларга бундай муомала қилиб, улардан жим туришни, эркаклар гапиришини талаб қилиши жамоатчилик орасида аёлларнинг конституцион ҳуқуқларини поймол қилиш дея баҳоланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб белгилаб қўйилган.

Арзчиларнинг биз мурожаат қилган манбага билдиришича, савдо мажмуаси қурилиши керак бўлган майдон болалар ўйнайдиган, кексалар ҳордик чиқарадиган жой. Шунингдек, шикоятчилар: “Тўққиз қаватли уйлар орасида камида 45 метр масофа бўлиши шарт, бу қурилиш қилинса, орада фақат 20 метр масофа қолади ва бу қонунга зид. Ерни ҳеч қандай аукционсиз ҳоким қарори билан сотиб юбориш эса қонунни такрор бузишдир”, деб таъкидлашган.

Ҳозирча Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот эълон қилмади.

8006