Куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромовни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатганлиги тўғрисидаги хабар соҳадаги барча ходимларни янада ҳушёр торттирди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати масъул ходимлари ҳамда Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси раҳбарияти воқеага аниқлик киритиш мақсадида А. Икромов билан боғланишди ҳамда ҳолат бўйича дастлабки маълумотларни олди.
А. Икрамов томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 9 май куни у “Уста Нормат” маҳалласи Деҳқонобод кўчасида жойлашган, Б. Раҳмоновнинг ота уйига чақиртирилади. У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмаганлиги бўйича Б.Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланади, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилади.
Айни вақтда мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда Вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ишчи гуруҳ хулосаси асосида А.Икрамовнинг, умуман, маҳалла тизимидаги барча ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган ҳамда ўз ваколати доирасидаги барча чораларни амалга оширишини маълум қилади.