Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошкент шаҳрида 7 мингта квартира қурилади
2.05.2021 15:07,  
467

Президентимизнинг жорий йил 11 мартда қабул қилинган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида ЎзА  Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Жалол Арашев билан суҳбатлашди.

–Мазкур фармон билан пойтахтимизда қанча уй-жойлар қурилади? Уй-жой қурилиши учун алоҳида ер ажратилганми?

– Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан алоҳида массив танлаб олинди. 7 минг квартирани қуришга мўлжалланган 36,22 гектар ер майдони ажратилди.

Ушбу алоҳида массивимиз Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, “Гулзор” МФЙ ҳудудидан танланди. “ТошкентбошпланЛИТИ” институти томонидан дастлабки аҳоли пункти лойиҳаси тўлиқ схемаси ишлаб чиқилди. Кадастр агентлиги, Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан майдон  20 та лотга бўлинган. Массивни шакллантиришда аҳолига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида инфратузилмага алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2 минг 310 ўринли 2 та мактаб, 1 минг 25 ўринли 4та мактабгача таълим муассасаси, битта оилавий поликлиника, 957 ўринли 2 та кўп қаватли автотураргоҳ, 4 та маҳалла гузари биноси, бошқарув сервис биноси ҳамда битта ички ишлар бўлинмаси учун бино қурилиши белгиланган.

Бундан ташқари, мазкур уй-жойлар қурилиб аҳолига топширилгач, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, мазкур ҳудудга туташ ҳудудда 210 гектарга мўлжалланган Индустрия технопарки ташкил этилиши режалаштирилган. Умуман олганда, массивда аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида барча тармоқлар қамраб олинган.  

Батафсил режалар ишлаб чиқилиб, лотларга бўлганимиздан сўнг,эълон 1 апрель куни “E-ijro auksion” электрон порталига жойлаштирилди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 15-16 апрель кунларида аукцион бўлиб ўтиши керак эди. Айрим сабабларга кўра, оммавий ахборот воситаларига эълон бермаганимиз сабабли, “E-ijro auksion” электрон порталимиздан кўпчилик бехабар қолган. Шу боис, auksion савдолари кейинга қолдирилди.

Ҳозир қайта эълон берилган. Тадбиркорларимиздан, шу фурсатдан фойдаланиб, Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, “Гулзор” МФЙ ҳудудида қурилиши режалаштирилган уй-жойлар қурилишида иштирок этишни сўрардик.

23 та 16 қаватли 2208 та хонадон, 79 та 9 қаватли 4 минг 266 та хонадон жойлашган кўп қаватли турар жой бинолари лойиҳасини тасдиқладик. Фармонга биноан ҳар битта хона 70 квадратдан ошмаган ҳолда лойиҳалаштирилган. Мазкур лойиҳаларимиз тўлиқ экспертизадан ўтказилиб, қурилиш жараёнига тайёр турибди. Аукцион савдоларидан кейин қурилишнинг биринчи босқичидан назорат қилишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз.

–Ушбу уй-жойларни фуқароларга беришда шаффофлик қай даражада таъминланади?

– Ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудларда сенаторлар, депутатлар ва жамоат фаоллари иштирокида “Халқпарвар” комиссиялари ташкил этилади. Бугунги кунда “Халқпарвар” комиссияси низоми тасдиқланган. Мана шу уй-жойларнинг аҳолига муддатида, сифатли, адолатли, шаффоф, ҳақиқатдан уй-жойга муҳтож бўлган фуқароларга берилишида “Халқпарвар” комиссиясининг роли катта бўлади.

Бундан ташқари, қурилишнинг назорат тизими бор. Биринчи, буюртмачининг назорат тизими. Яъни буюртмачи сифатида бу массивимизда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ягона буюртмачи инжинеринг компанияси белгиланган.

–Фармон билан қурилиш материалларининг таннархи туширилди. Бу уй-жойларнинг таннархи тушишига муҳим сабаб бўлади. Уйнинг таннархи туширилиши сифатга таъсир қилмайдими?

– Мазкур фармонда аниқ имтиёзлар белгиланган. Уй-жой нархини арзонлаштириш мақсадида уй-жой қурувчи ташкилотлар учун мўлжалланган цемент ва металл  бўйича алоҳида биржа савдолари секцияси жорий қилинади. Мисол учун,аукционда ғолиб

бўлган қурилиш- пудрат ташкилоти билан шартнома қилинганидан кейин пудрат ташкилотлари рўйхатини шакллантирамиз. Буни Қурилиш ва Молия вазирлигига тақдим қиламиз. Қурувчи ташкилотлар учун биржадан қурилиш материалларини тўғридан -тўғри олиш имконияти яратилади.

Нарх арзонлашишига тўхталадиган бўлсак, ушбу фармонда бу ҳақда алоҳида айтилган. Тошкент шаҳрида қурилган уй-жойларнинг 1 квадрат метри 5 миллион 700 минг сўмдан ошмаган ҳолда сотилиши белгиланган. Бу бўйича алоҳида ўрганишни амалга оширдик. Бундан ташқари, фармонда кўрсатилганидек,уйларнинг нархини арзонлаштириш мақсадида ташқи муҳандислик коммуникация технологиялари давлат томонидан, ҳудудни ободонлаштириш маҳаллий ҳокимлик томонидан амалга оширилади.  

–Ушбу уй-жойлар учун қанча субсидиялар ажратилган? Янги уйлар қачон ўз эгаларига топширилади?

– Юқоридаги ҳужжатга асосан Тошкент шаҳридан уй-жойлар қурилиши учун 2605, 5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Субсидиялар сони 4 минг 150тани ташкил этади. Жами тўланадиган сумма 233, 2 миллиард сўм. Дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия суммаси 154,5 миллиард сўмни ташкил этса, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 78,8 миллиард сўм субсидия ажратилган.

Бир квартира майдонининг энг кўп меъёри 70 квадрат метр этиб белгиланган. Уй-жойнинг умумий ҳисобланган қиймати 399 миллион сўмгача. Бошланғич бадали 15 фоиздан иборат. Агар бошланғич бадал учун 10 фоиз субсидия берилса, фуқаро 5 фоиз тўлов қилади.

Ушбу уй-жойлар жорий йил сўнггида эгаларига топширилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан