Тошкент вилояти ва пойтахтда 30га яқин автомобилни тунаган гуруҳ аъзолари ушланди

Тошкент вилояти ва пойтахтда 30га яқин автомобилни тунаган гуруҳ аъзолари ушланди

Жорий йилнинг 20 январь куни Тошкент тумани «Кўҳинур» маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Акбаров туман ИИБга номига ариза билан мурожаат қилди. 

У аризасида 2021 йил 19 январдан 20 январь кунига ўтар кечаси ўз яшаётган уй олдида қолдирган «Сhangan» автомашинасининг эшиги номаълум шахслар томонидан очилиб, автомашина салонида бўлган бир миллион сўмлик «антирадар» мосламаси, 250 минг сўмлик «аудио магнитафон» ва бошқа майда буюмлар ҳамда 300 минг сўм миқдоридаги нақд пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб кетилганлигини баён қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Ҳолат юзасидан Тошкент тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида 5 февраль ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилинган бир гуруҳ шахс (Зангиота туманида яшовчилар 1979 йилда туғилган М.С., 2001 йилда туғилган М.Ш., 1993 йилда туғилган Д.Н. ва вояга етмаганлар 2003 йилда туғилган Ш.Т. ҳамда 2005 йилда туғилган И.М.)лар қўлга олинади.

Шунингдек, суруштирувлар давомида ушбу уюшган гуруҳ Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудидан 30 га яқин турли хилдаги автотранспорт воситаларини ғайриқонуний очиб, транспорт ичида бўлган пул ва қимматбаҳо буюмларни талон-тарож қилиб келганлиги аниқланади.

Жумладан, улар Тошкент тумани «Оқтом» маҳалласи ҳудудида 16 январь куни Damas, Lacetti ва Matiz автомашинасини, 18 январь куни «Кўксарой» маҳалласида Nexia автомашинасини, 20 январь куни эса «Кўҳинур» маҳалласида Чанган ва Cobalt, «Кўксарой» маҳалласида Gentra ва яна бир Nexia автомашиналарини эшикларини бузиш орқали очиб, ичидаги нарса ва буюмларни талон-тарож қилган.

Шунингдек, 3 февраль куни Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан 21 та ҳар хил турдаги автомашиналарни эшикларини бузиш орқали очиб ичидаги нарса ва буюмларни олиб воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, 25 январь куни Зангиота туманидаги хонадонлардан биридан саккиз бош қўйларни ўғирлаб, сотиб юборганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.